Президент матбуот хизмати Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинган куннинг 25 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимдаги нутқини тақдим этди.

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Барчангизни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ айём – мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллик байрами билан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

Йигирма беш йил – тарих учун бир лаҳза, холос. Шу қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади, том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.

Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни энг аввало Конституциямиз билан боғлашимиз албатта бежиз эмас. Нега деганда, Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди.

Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда.

Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.

Қадрли юртдошлар!

Бугун Конституциямизнинг 25 йиллик байрамини нишонлар эканмиз, Асосий қонунимизни яратишда унутилмас хизмат қилган инсонлар номини чуқур ҳурмат билан тилга оламиз.

Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида 1990 йил июнь ойида тузилган Комиссиянинг икки йиллик машаққатли меҳнати натижасида Конституциянинг биринчи, иккинчи ва сўнгра учинчи лойиҳалари ишлаб чиқилди.