Жаҳон | 07:43 / 09.12.2017
17423
2 дақиқада ўқилади

Михаил Саакашвили вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди

Фото: РИА Новости

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили 8 декабрь кечки пайт Киевда қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди. Бу ҳақда Украина бош прокурори Юрий Луценко маълум қилди.  

“Миллий полиция ходимлари қидирув ҳақидаги қарорга кўра, Саакашвилининг жойлашган ўрнини аниқлаб, уни қўлга олишди. У вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди”, деб айтган Луценко. 

Унинг айтишича, энди Саакашвилига нисбатан тергов ҳаракатлари бошлаш ҳамда унга нисбатан эҳтиёт чораси тайинлаш бўйича судга мурожаат қилиш режалаштирилмоқда.

Ҳафта бошида Саакашвили ўз тарафдорларини Украина президенти Пётр Порошенконинг ўз лавозимидан четлатилиши учун “катта кўламли марш” бошлашга чақирганди.

Украина махсус хизматлари охирги кунлар Саакашвилини икки марта қўлга олишга ҳаракат қилишган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олишмаган. Биринчи ҳолатда уни уйида, иккинчисида Олий рада рўпарасида ўрнатилган чодирлар лагерида қўлга олишга ҳаракат қилинган.

Аввалроқ Украина бош прокуратураси Саакашвилига нисбатан уч модда: “Жиноят содир этишга уриниш”, “Гуруҳ бўлиб жиноят содир этиш”, “Жиноий ташкилотлар иштирокчиларига кўмак кўрсатиш ва уларнинг жиноий фаолиятини яшириш” бўйича айбловлар эълон қилган.

Саакашвилининг адвокати Руслан Чернолуцкийнинг маълум қилишича, Саакашвили изоляторда муддатсиз очлик бошлашини эълон қилган.

“У муддатсиз очлик бошлашини эълон қилди, зўрлик билан овқатлантиришдан ҳам бош тортмоқда. Агар эҳтиёт чораси сифатида уни 60 кунга ҳибсга олиш қабул қилинса, у очликни давом эттиради”, деб айтган Чернолуцкий изолятор биноси ёнидаги чиқишида.

Мавзуга оид