Вазирлар Маҳкамасининг 5.12.2017 йилдаги 965-сон қарори билан Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
Захирага қўйиладиган иш ўринлари кўпаяди
Ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони 20 нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар муҳтожларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини захирага қўйишлари даркор. Захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сони – ўртача ходимлар сонининг 10 фоизигача (жумладан, ногиронлар учун камида 3 фоиз). Амалдаги тартибга кўра, ходимларнинг ўртача сонининг 7 фоизигача ва ногиронларни ишга жойлаштириш учун камида 3 фоиз иш ўринлари захирага қўйилади.
Иш ўринлари кимлар учун захирага қўйилади
Иш ўринлари фуқароларнинг қуйидаги тоифалари учун захирага қўйилади:
• 14 ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар;
• умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлагандан кейин касбни эгаллаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилар;
• сафарбарлик чақириқ захирасида хизматни ўтаган ва Қуролли Кучлар сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;
• ногиронлар ва пенсияолди ёшидаги шахслар (эркаклар – 58 дан 60 ёшгача, аёллар – 53 дан 55 ёшгача);
• жазони ижро этиш муассасаларидан ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;
• одам савдоси қурбонлари.
Иш ўринларини захирага қўйиш босқичлари
Ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони 20 нафар кишидан ортиқни ташкил этадиган ташкилотлар ҳар йили:
• 1 августдан кеч бўлмаган муддатда лавозимларни ҳисобга олган ҳолда келгуси йил учун захирага қўйиладиган иш ўринларининг умумий сонини белгилайди;
• 15 августдан кеч бўлмаган муддатда бу ҳақда маълумотларни туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказига (БКМ) тақдим этади.
















