Кроссовкалар қулайлиги боис жуда машҳур, баъзилари ҳаддан ташқари қиммат. Бироқ пулига ҳақиқатда арзийдиганлари ҳам бор – улар электроника билан таъминланган бўлиб, оддий пойабзалдан ортиқроқдир. Hi-Tech интеллектуал кроссовкалар дунёсига "саёҳат" уюштириб, уларнинг орасидан энг "ақлли"ларини саралаб тақдим этди.

Xiaomi Free Tie Leather Shoes

Кўпчилик ажабланиши мумкин, лекин Xiaomi компанияси фақат смартфон ва аксессуарлар ишлаб чиқариш билангина чекланмайди. Компания маҳсулотлари орасида рюкзаклар, колонкалар, ёритгичлар ва ҳатто электровелосипедларни ҳам топиш мумкин. Бироқ бу ҳақида кейинги сафар, ҳозирча эса бизни фақат кроссовкалар қизиқтиради.

Фото: Hi-Tech Mail

Уларни оддий пойабзалдан нима ажратиб туради? Босиб ўтилган қадамларни санай олувчи ички процессор. Бундан ташқари, сенсор калориялар сарфи ва босиб ўтилган масофани аниқлаши мумкин. Умуман олганда, ишлаб чиқарувчилар фитнес-трекернинг барча асосий функцияларини олиб, уларни ўз кроссовкаларига ўрнатишди.

Дарвоқе, пойабзал жисмоний муваффақиятлар ҳақидаги барча маълумотларни эгасининг смартфонига етказади. Интеллектуал кроссовкалар Bluetooth ёрдамида Android ва iOS бошқаруви остидаги қурилмаларга улана олади. Натижаларни компаниянинг Mi Smart Home иловасида кўриш мумкин.

Бу ерда энг қизиғи — нарх. Хитойликлар ақлли пойабзални атиги 30 доллардан сотишмоқда.

Smart Rhythm Shoes

Қўшма Штатларда эгасини рақс тушишга ўргатадиган кроссовкалар ихтиро қилинди. Ҳар ҳолда, rhytm компанияси стртаперлари айнан шундай ваъдалар беришмоқда.

Фото: Hi-Tech Mail

Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, ҳар бир кроссовкада Bluetooth орқали смартфондаги иловага боғланган датчиклар жойланган. Дастур хонада янграётган мусиқани "эшитади" ва тўғридан-тўғри "оёқлар"га сигнал узатади. Шунда сенсорлар товоннинг турли қисмларига вибрация йўллайди, раққос эса нима қилиш кераклигини тушуниб олади.

Иловада турли услублардаги дарслар ўрнатилган бўлиб, интеллектуал пойабзал эгалари рақсларнинг кетма-кет бир неча турига тушиши мумкин: жаз, сальса, начата, вальс, хип-хоп, танго ва ҳ.к.