Болаларни тарбиялаш тамойиллари тубдан ўзгармоқда. Фарзандингиз ривожланишининг илк даврларидаёқ "рақиблари"га мағлуб бўлмаслиги учун нима қилиш кераклигини биласизми? "Лайфхакер" бу борадаги тавсиялари билан бўлишди.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандига яхшиликни раво кўради. Бироқ болани келажакка тайёрлашни чин дилдан орзу қилиб, унга тажрибамиз тўғри деб топган нарсаларни  ўргатамиз. Бу тажриба қанчалик тез эскириб бораётгани ҳақида эса камдан-кам ҳолатларда ўйланамиз.

Нима учун таълимга ёндашувни ўзгартириш вақти келди?

Социологларнинг маълум қилишича, яқин 10-15 йилда мавжуд касбларнинг 20 фоизи йўқолиш хавфи остида қолади. Бироқ, шу билан бирга, яна шунча янги касб пайдо бўлиши ҳам кутилмоқда. McKinsey Global Institute тадқиқот ташкилоти экспертлари 2030 йилга бориб, меҳнат бозоридан 375 миллион ишчи ўрнининг йўқолишини тахмин қилишмоқда. Бугунги кунда одамлар бажараётган ишлар роботлар зиммасига юклатилмоқда. Ҳатто сизнинг касбингиз йўқолиш хавфи остидаги касблар сирасига кириш-кирмаслигини аниқлашга доир махсус сервис ҳам бор.

Дунё шиддат билан ўзгаришда давом этаётган ҳозирги даврда биз болаларни аввалгидек ХХ асрдаги ҳаётга тайёрлаяпмиз.

Сиз эрта ривожланиш, математикага ихтисослаштирилган лицей ва пойтахтдаги бирор олийгоҳнинг нуфузли иқтисодий факультетига ўқишга кириш болага камида бухгалтер, ишлари ўнгидан келганда эса, йирик корпорациянинг молиявий директори лавозимини кафолатлайди, деб ўйлайсизми? Кўзингизни очинг! 2016 йилда Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида иқтисодчи ва бухгалтерлар асосий "лузер" касблар қаторида санаб ўтилди: яқин йилларда бу соҳаларда катта қисқаришлар бўлиши кутилмоқда.

Эртанги роботлаштирилган даврда ишга қабул қилишда ҳал қилувчи роль ўйновчи кўникмалар бугун катта роль ўйнамайди, биз уларни инкор этамиз. Бу вақтда эса одамлар янги дунёда ўзларини йўқотмаслик учун ақл ишлатишларига тўғри келади, бу борада улар аввалгидек роботлардан олдинда. Айнан шу жиҳат таълим ва тарбиянинг янги тамойилларини белгилаб беради.

Афсуски, замонавий стандарт мактаблар аввалгидек болаларга ўтмиш кўникмаларини ўргатмоқда. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандига оддий беш нарсани тушунтириши муҳим.

Болага нимани ўргатиш керак?