Ўзбекистон | 15:35 / 18.12.2017
8355
3 дақиқада ўқилади

USAID: 2050 йилга бориб Марказий Осиёдаги сув ресурслари 10-15 фоизга камаяди 

Фото: CAREC

Тошкент шаҳрида "Халқаро сув хўжалиги ҳуқуқи минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш жиҳози сифатида" номли икки кунлик ўқув семинарига старт берилди. Унда Халқаро сув ҳуқуқи ва трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорлик механизмининг асосий тамойиллари муҳокама қилинмоқда. 

Тадбир АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (CAREC) ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг "Сув, таълим ва ҳамкорлик" қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган. Бундай семинарлар аввал Тожикистон ва Туркманистонда ўтказилган. Тадбирда қатнашган KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, унда соҳа мутахассислари билан бир қаторда сув хўжалиги ва ҳуқуқшунослик йўналишида таълим олувчи олий ўқув юртлари талабалари ҳам иштирок этишмоқда.

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, мазкур семинар атроф-муҳит муҳофазаси ва сув ресурсларини оқилона бошқариш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижаси бўлиб, у Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида акс этган мамлакат ташқи сиёсати ва ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш тамойилларига жавоб беради.

Марказий Осиёдаги аксарият сув ресурслари трансчегаравий ҳисобланади, уларни тартибга келтирувчи ҳуқуқий ҳужжатлар эса халқаро тажриба ва минтақа манфаатларини инобатга олган ҳолда янгиланишга муҳтож.

Бугунги кунда дунёда сувдан фойдаланишда баҳсли жиҳатларга эга бўлган 260дан зиёд дарё ҳавзаси мавжуд ва бунда ҳуқуқий тартибга солиш уларни ҳал қилиш ва бартараф этишнинг асосий ҳаракатга келтирувчи омилга айланмоқда. 

"Тармоқли ҳамкорлик ва мамлакатлар ўртасидаги академик алмашинув - атроф-муҳит муҳофазаси ва иқтисодиётларнинг барқарор ривожланишида ўзаро манфаатли шериклик ва ҳамкорлик гарови", - дейди USAID'нинг Ўзбекистондаги раҳбари Гэри Роббинс. 

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, 2050 йилга бориб, Марказий Осиёдаги сув ресурслари 10-15 фоизга камаяди. Бунга минтақадаги демографик ва экологик омиллар таъсир кўрсатади. 

Таъкидлаш жоизки, USAID томонидан молиялаштирилувчи "Сув, таълим ва ҳамкорлик" лойиҳаси 2015 йилдан буён CAREC томонидан амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳа мақсади профессионал ҳамкорлик тармоғини яратиш, сув муаммолари бўйича стратегик маслаҳатлар беришда кўмаклашиш, шунингдек, сув ресурслари бўйича минтақавий мулоқотни ривожлантириш ва салоҳиятни оширишдан иборат.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид