Ўрта Осиё халқлари қадимдан ер юзининг барча қитъаларида жойлашган халқлар билан ўзаро алоқалар ўрнатиб келишган. Айниқса, Ўрта Осиё давлатлари Европанинг кўплаб мамлакатлари билан турли соҳаларда, хусусан, савдо-сотиқ, илм-фан, қишлоқ хўжалиги, адабиёт ва санъат йўналишларида ўзаро ҳамкорлик қилиб келишганлиги тўғрисида тарих гувоҳлик беради. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Амир Темур Ўрта Осиёни марказлашган давлатга айлантирганидан кейинги даврда эса қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланади. Ўша пайтда Мовароуннаҳр салтанатининг довруғи етти иқлимга таралади.

XIX аср охири XX аср бошларида Россия империяси томонидан Ўрта Осиё мамлакатлари босиб олингач, ушбу мамлакатлар империянинг мустамлакасига айлантирилади.

Мустамлака мамлакат сифатида бошқа давлатлар билан амалга ошириладиган сиёсий-ижтимоий, маданий-маърифий, спорт, адабиёт ва санъат, умуман, барча соҳалардаги дипломатик алоқалар бевосита рус империяси номидан амалга оширила бошлайди. Бу эса Ўрта Осиё халқларини рус мустабиди соясида қолиб кетишига сабаб бўлади.

Мустақилликка эришганимиздан сўнггина дунё халқлари Ўрта Осиёда Ўзбекистон деган мамлакат борлигини била бошлашди. Ҳозирги кунга келиб таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон жадал суръатларда тараққий этиб бораётган давлатлар қаторида. Бироқ шу ўринда мен бир нарсани айтиб ўтишни жоиз деб топдим: Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳақида маълумотлар европаликларда, хусусан, олмонияликларда жуда оз. Тўғри, Европа давлатлари билан сиёсий дипломатик алоқалар ўрнатилган, лекин у ерда яшовчи инсонларнинг бизнинг минтақамиз, Ўзбекистон тўғрисида етарлича маълумотга эга эмаслигига мен ҳар йили ташкиллаштираётган тадбирларим давомида доим амин бўламан.

Мен 2009 йилдан буён туризм соҳасида фаолият юритиб келаман. Хорижда (Германия ва Англия) ўқиб юрган кезларимда «Ўзбекистонга қайтгач, албатта, туризм соҳасида фаолият олиб бориб, юртимизга сайёҳларни жалб этишни, унинг бой тарихи, шонли ўтмиши, халқимиз урф-одат ва анъаналари, адабиёт ҳамда санъати, кўҳна ва боқий шаҳарларимиздаги қадимий обида ва минораларининг улуғворлигини тарғиб қиламан», деган фикрларни дилимга тугиб қўйган эдим.

Ўйлаган ниятларимга ниҳоят эришдим. Гид-таржимон сифатида ишлаш билан бир қаторда бадиий адабиёт таржимасига ҳам қўл урдим. Ўтган йиллар мобайнида атоқли ўзбек ва немис адабиёти намоёндалари Ҳайнц Эрҳарднинг «Noch’n Gedicht» («Яна шеърият») деб номланган китоби, Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» («Der Schelm»), Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» («Kein Himmel auf Erden»), Абдулла Қаҳҳорнинг «Анор» («Der Granatapfel») каби асарларини, шунингдек, «Буюк ипак йўли ривоятлари» китобларини ўзбек тилидан немис — немис тилидан эса ўзбек тилига таржима қилдим.