Ўзбекистон | 12:34 / 21.12.2017
31525
3 дақиқада ўқилади

Сенатда ички ишлар вазири ахборот берди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон ички ишлар вазири П.Бобожоновнинг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Жорий йилда мамлакатда жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 минг 788 тага, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар 5 минг 722 тага пасайган. Уларни турлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак: қотиллик 122 тага, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш 94 тага, номусга тегиш 92 тага, босқинчилик 78 тага, талончилик 142 тага, ўғирлик 511 тага, фирибгарлик 107 тага, безорилик 848 тага, транспорт воситаларни олиб қочиш 17 тага камайган. 

Профилактика инспекторларига самарали хизмат қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани уларнинг хизмат самарадорлиги ошишига замин яратмоқда. Жорий йилда мамлакатнинг 1 минг 79 маҳалласида биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. 

Хоразмда “Жамоатчилик назорат масканлари” йўлга қўйилгани эвазига мавжуд маҳаллалардан 25 фоизи, Наманган шаҳри “Орзу” маҳалласидаги ижобий тажрибадан самарали фойдаланилиши натижасида вилоятнинг 20 фоиз маҳалласи жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантирилишига эришилди. 

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 107, Сурхондарёда 139, Жиззахда 53, Навоийда 52, Андижонда 126 маҳаллада жиноят содир этилмади. 

Бунда президент ташаббуси асосида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни”, чоршанба куни “Ёнғинлар профилактикаси” тадбирлари ўтказилаётгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда. 

Шунга қарамай, жиноятчилик статистикаси олиб борилаётган ишлар бугунги кун талабларига ҳали жавоб бермаслигини кўрсатмоқда. Амалга оширилган комплекс ислоҳотларга қарамасдан, айрим раҳбар ходимлар томонидан унинг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунмасдан, ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, ҳануз эски қолип асосида иш олиб бормоқда. Бунинг оқибатида қатор ҳудудларда оғир ва ўта оғир жиноятларнинг ошиб кетишига, қидирувда юрган шахсларнинг сони кун сайин ошиб боришига сабаб бўлмоқда. 

Мажлисда бундай ҳолатларга барҳам бериш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. 

Мавзуга оид