Машойихлар яхшилик билан ёмонликнинг ораси бир қадам дейишади. Ҳилола Чориева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ана шу қадамни нотўғри ташлаб, тўғри йўлдан адашди. Моддий манфаатдорлик эвазига эгри йўлдан юришни маъқул кўрди, оқибатда эса...

Апрель ойи охирлари. “Нексия” машинасини ижарага олиб, Термиз шаҳрида киракашлик билан шуғулланадиган Акмал кечки соат ўн бирларгача тиним билмади. Мижозлар камайиб, энди яшаш манзили – Термиз туманига кетишга чоғланиб турган бир пайтда уяли телефони жиринглаб қолди. Экранда ҳамқишлоғи Абдурасулнинг телефон рақами кўриниб турарди, деб ёзади “Постда” газетаси.

- Ҳа, Абдурасул, нима гап?

- Ассалому алайкум, Акмал ака! Ҳали шаҳардамисиз?

- Ҳа, энди кетмоқчи бўлиб тургандим.

- Жойингиз бўлса мени олиб кетинг, “Юбилейний”нинг олдида кутиб тураман.

- Хўп, беш дақиқада ўша ерда бўламан.

Бироздан кейин икки ҳамқишлоқ Термиз тумани сари кетиб боришарди. Абдурасул чарчагани боис орқа ўриндиққа ўтирганча ухлаб кетарди. Унчалик ҳам кўп юрмаганди ҳамки, орқаларидан катта тезликда келаётган бир машинанинг чироқлари кўринди. “Матиз” автомашинаси шитоб билан яқинлашиб, “Нексия”ни қувиб ўтишга чоғланди. Айни шу пайт қарши томондан юк машинаси яқинлашиб кела бошлади. “Матиз” ҳайдовчиси ноилож руль чамбарагини ўнгга бурди. Тўқнашув-ку, содир бўлмади, лекин “Матиз” автомашинаси “Нексия”га жуда яқинлашиб, унинг ён томонини қириб ўтишга улгурди. Мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси рўй беришининг олдини олган Акмал машина сигналини кетма-кет босиб “Матиз” ҳайдовчисини тўхташга ундади. Лекин қилғилиқни қилиб қўйган ҳайдовчи машинани тўхтатишни, кечирим сўрашни хаёлига ҳам келтирмасди. Янада тезликни ошириб, жуфтакни ростлашни маъқул кўрди. Бундан жаҳли чиққан Акмал уни анча жойгача таъқиб қилиб борди ва олдини тўсиб тўхташга мажбур қилди. “Матиз”да ҳайдовчидан ташқари бир аёл ҳам ўтирарди.

- Ҳа, ука, тинчликми? – “Матиз”дан тушиб келган йигит Акмалга ўдағайлай бошлади.

- Тинчликми, деб сиздан сўрашим керак. Машинамнинг ёнини чизиб кетдингиз. Яна ҳеч нарса бўлмагандек сўрашингизни қаранг, - деди Акмал жаҳли чиқиб.

- Нимага менга туҳмат қиляпсан?

- Шунақами? – Ҳайдовчи билан муросага келишига ишонмаган Акмал шартта бориб “Матиз”нинг калитини суғуриб олди. – Унда ҳозир шу ерга ЙПХ инспекторларини чақирамиз. Улар айб кимда эканлигини бир зумда аниқлаб беришади.