Мазкур шарҳда ходимни асослар қандай бўлишидан қатъи назар иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатишнинг босқичма-босқич таомили ҳақида батафсил маълумот берилади, шунингдек кўп содир этиладиган хатоларни муҳокама қилинади, деб ёзмоқда Norma.uz.

Ишдан бўшатиш асослари

Фақат биргина иш берувчининг истак-хоҳиши билан ишдан бўшатиш мумкин эмас. Бунда фақат қонунчилик билан мустаҳкамланган асослар бўлиши зарур. Иш берувчи ўз ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин бўлган сабаблар Меҳнат кодексининг (МК) 100-моддаси 2-қисмида баён этилган. Мазкур рўйхат тугал бўлиб, унинг доирасидан чиқишга мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳеч бир ташкилотга қатъиян йўл қўйилмайди. 
 
Кўпинча иш берувчилар бунга йўл қўйиш мумкин бўлмаганда ишдан бўшатиш ҳолатларини МКнинг 100-моддаси нормалари билан асослаб, уларни нотўғри қўллайдилар.
 
Мисол учун. Иш берувчи 54 ёшга тўлган ходима билан меҳнат шартномасини МКнинг 100-моддаси 7-қисмига биноан (ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда) бекор қилди. У «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 54 ёшга тўлган аёлларнинг зарур меҳнат стажига эга бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқини олиши тўғрисидаги нормасига ҳавола келтирган.

Мазкур ҳолатда иш берувчининг ҳаракатлари ғайриқонуний, чунки айнан ходимага ўз хоҳишига кўра муддатидан олдин пенсияга чиқиш, иш берувчига эса у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқи берилади. Иш берувчи учун ходиманинг МКнинг 289-моддасида кўрсатилган — 55 ёшга тўлиши уни ишдан бўшатиш учун асос бўлади.

Ходимни ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантириш

Бу иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш босқичларидан биридир, бунда талай хатоларга йўл қўйилади. Кейинчалик ушбу хатолар боис иш берувчилар ноқонуний равишда ишдан бўшатилган ходимларни ишга тиклашларига тўғри келади. Улардан энг кенг тарқалганларини кўриб чиқамиз.

Аксарият ҳолатларда огоҳлантириш шакли ёзма бўлишидан (ходимни МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3 ва 4-бандлари бўйича ишдан бўшатганда ходимни оғзаки огоҳлантиришга йўл қўйилади) бошлаймиз. Ходимни у билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги огоҳлантиришга меҳнат муносабатларини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс имзо қўйиши шарт. Аксарият ҳолатларда содир бўлганидек, бўлим бошлиғи (бевосита раҳбар) ёки кадрлар бўлими ходими эмас. Улар фақат огоҳлантиришни ходимга топширишлари мумкин.