Пахта мавсуми тугаб, обуна мавсуми бошланди ҳамки KUN.UZ таҳририятининг электрон почтаси турли арз-доду, шикоятлар битилган хатларга тўлиб кетди. Уларнинг аксарияти ўқитувчилар, ота-оналар ва талабалардан келиб тушган...

Ҳозир 2018 йил обуна мавсумига якун ясалди. Биз турли босма даврий нашрларда меҳнат қилаётган ҳамкасбларимизни ҳурмат қилган ҳолда таъкидлашимиз жоизки (чунки бу иллатда уларнинг ҳам маълум бир «ҳисса»си бор), кейинги йилларда «обуна юки» ҳам фуқароларимизнинг асабига тегиб келаётгани бор ҳақиқат.

Солиқ идоралари томонидан тадбиркорларга, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ходимларга, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўқитувчилар ва шифокорларга, олийгоҳлардаги талабаларга обуна режаси белгилаб берилаётгани, обуна учун пул уларнинг ойлик маошидан босиб қолинаётгани кўз юмиб бўлмайдиган аччиқ ҳақиқат.

Тизим соат механизмидек аниқ ишлайди. Берилган режа бажарилиши керак - тамом вассалом. Лекин ҳаммаси кўнгилдагидек эмаслиги аниқ, чунки шикоятлар бор…

Хўш, обуна нима ўзи? Бу — даврий нашрга 1 йил олдиндан тўлаб қуйиладиган, фоизсиз ишонч кредити. Даврий нашрларимиз, айрим газета ва журналаримиз шу ишончга лойиқ бир йил ишлаб бера олиш-олмаслиги алоҳида ўрганиладиган мавзу, албатта. Лекин ахборот асрида яшаётган бугунги инсонни ўзи ўқишни хоҳламайдиган нашрга мажбурлаб обуна қилдириш ғирт бўлмағур иш эканлиги ҳам рост.

Қандай нашрларга обуна уюштирилади?

Кўп йиллик кузатишларим асосида қўрқмай таъкидлашим мумкинки, даврий нашрлар шартли беш қисмга бўлинади:

1. Давлат нашрлари. Ҳа, улар саноқли ва салмоқли. Улар, асосан, ўз мухбирлари хабар ва янгиликлари, ЎзАда чиққан расмий материаллар ва реклама билан саҳифаларини тўлдиришади. Ҳолбуки, ахборотга чанқоқ инсон бу ердаги информацияларни Интернет орқали ўша куниёқ кўриб, кузатиб, хулоса чиқариб бўлган бўлади. Лекин ахборот ташишнинг бир усули сифатида бундай нашрлар ҳам керак. Чунки интернет етиб бормаган кўп жойларда бундай нашрлар керак бўлади. Лекин секин-аста давлат нашрларининг ўрнини давлат интернет-нашрлари эгаллаб бориши керак. Чунки маъмурий ресурс ричаги ёрдамида мажбурий обуна қилинадиган энг кўп даврий нашрлар ҳам давлат нашрларидир.

2. Партия нашрлари. Партияларимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар, ғояларни тарғиб этувчи нашрлар бўлиши керак. Лекин буларнинг ҳам аксарият сонларидаги маълумотлар давлат нашрлариники билан бир хил эканлиги сир эмас. Буларнинг обунасини ташкиллаштиришда ҳам жойлардаги маъмурий ресурс ишга солинади.