Пеп Гвардиола АПЛдаги бир қанча рекордларни ёнғоқ мисоли чақиб ташлади, энг ёмони, бу ёнғоқлар асосан, шаҳарнинг нариги тарафида истиқомат қилаётган Жозе Моуриньонинг бошида чақилаётгани воқеани янада қизитиб юбормоқда. Ўтган йили чемпионликни нишонлаган Конте, бундай ҳолатларга ўрганиб қолган Венгер, саксон беш миллионга ҳимоячи сотиб оладиган пул бўла туриб, доим бечорага ўхшаб турадиган Клопп эмас, айнан Жозе Моуриньога қараб истеҳзоли кулаверамиз.

Сабаби, оддий, ҳар икки мураббий бир вақтда, бир мақсадларда Англиядаги икки жамоага таклиф қилинган, деярли бир хил пул сарфлашди, кимдир унисини, кимдир буниси муваффақиятлироқ бўлишини айтди. Мана шу курашда Пеп Гвардиола 15 очкога ўзиб кетди. Жозе йиғламай, ким йиғласин?

Жозе йиғлади, «МЮ»да таркибни кучайтириш учун яна трансферлар лозимлигини айтар экан, «Манчестер Сити» ҳатто қанот ҳимоячилари учун ҳам эллик миллион фунт сарфлаётганини қистириб ўтди. Ҳеч ким унинг гапини эшитмади, эшитганлар унинг устидан кулди - ахир сен ҳам уч юз миллион евро пул сарфладинг, наҳотки бу пуллар «Бёрнли»ни ютиш учун етарли бўлмаса?

Бошқа тарафдан, вазиятга чуқурроқ қараш имкони доим мавжуд. Хўш, ростан ҳам мураббийлар пойгага айни бошланғич нуқтадан чиқишдими? Бу саволга жавоб излар эканмиз, португалиялик мутахассисга ростан ҳам осон эмаслигини англагандек бўламиз.

БОШЛАНҒИЧ НУҚТА

Жозе ва Пеп янги жамоаларга тайинлашганидан аввалги мавсумда, ҳар икки Манчестер клуби тенг очко жамғарган ва фақат тўплар нисбатига кўра, «Сити» 4-ўринни олганди. Ўзаро ўйинларда ҳатто «Юнайтед» бир ғалаба ва бир дурангга эришган. Бу томондан қараганда, мураббийларга айни савия ва айни кучдаги жамоалар мерос бўлиб қолган. Ростан ҳам шундаймикин?

Йўқ. «Манчестер Сити»да Гвардиоладан олдин Мануэл Пеллегрини тўлиқ уч мавсум ишлади. Илк мавсумдаёқ чемпионликка эришган чилилик мутахассис бемалол ўз жамоасини қурди ва «Сити» деярли ўзгармас таркиб билан мана шу уч йилни ўтказди. Трансферлар ҳам бир мураббий йўналиши ва режаси асосида амалга ошириб борилди. Яъни, Гвардиоладан олдинги уч йил қайсидир маънода барқарор ўтганди. Пеллегрини бу даврда биринчи, учинчи ва тўртинчи ўринларни олди. Шунингдек, Пеллегрини Манчестерга «Малага»дан ташриф буюрганини, яъни, асосан испан футболи тарғиботчиси бўлганини эътиборга олсак, бу томондан ҳам Гвардиолага осон эди. Пеллегрини жамоага олиб келган Де Брюйне, Стерлинг, Отаменди, Фернандиньо, шунингдек, Силва, Агуэро каби эски футболчилар Пеп Гвардиоланинг ғояларига мос эканини кўрмоқдамиз, бу футболчилар ҳозир унинг асосий қуролларидир.

Жозе Моуриньо ташриф буюрган «Манчестер Юнайтед» эса, Фергюсондан кейинги хаосни бошдан кечираётган жамоа эди. Мойес трансферлар орқали жамоани ривожлантириш тугул, Сэрдан қолган борини ҳам сочиб юборди, Луи ван Гаалнинг сарфлари ҳам янги жамоа пойдевори учун ишламади ёки муваффақиятсиз чиқди. Ван Гаал амалга оширган трансферлардан Шнайдерлин, Швайнштайгер, Валдес, Депай, Ди Мария, Фалкао каби номлар ҳозир жамоада йўқ, Дармиян, Блинд, Роҳо, Ромеро, Шоу эса, яқин замонда сотиб юборилиши ҳам мумкин. Мана шу санаб ўтилган 11 футболчи Моуриньо келишидан олдинги икки йил ичида сотиб олинганини тасаввур қила оласизми? Тўғри, яхши мураббий бор масаллиқдан яхши жамоа туза олиши билан ҳам устун бўлиши керак, аммо Луи ван Гаалнинг услуби Жозеникидан буткул фарқ қилиши ва ростан ҳам, агар яхшироқ қаралса, голландиялик мураббийнинг харидлари ўртача футболчилардан тузилгани ва асосан маълум йўналиш учун режалаштирилганини пайқаса бўлади. Жозе ворис сифатида фақат Рэшфорд, Марсиял ва Лингард каби ёш футболчилар учун Ван Гаалга раҳмат айтиши мумкин холос.