Жаҳон | 10:11 / 29.12.2017
9930
2 дақиқада ўқилади

Исроил ва АҚШ Эронни «босиб туриш» бўйича махфий битим имзолади – ОАВ

Фото: Fotolia

Исроил ва АҚШ Оқ уйдаги махфий учрашув давомида Эронни «босиб туриш» бўйича қўшма стратегик дастурни ишлаб чиқди. Бу ҳақда Исроилнинг Ўнинчи телеканали хабар берган.

Телеканал маълумотларига кўра, 12 ноябрь куни АҚШга мудофаа соҳасига тегишли бўлган исроиллик амалдорлар делегацияси миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Меир Бен-Шаббот бошчилигида келган. Исроилликлар ташриф чоғида АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси раҳбарлигидаги америкалик ҳамкасблари билан учрашишган.

Америка ҳукуматидаги манба сўзларига кўра, АҚШ ва Исроил икки кунлик музокаралар якунида «Эрон масаласи бўйича ўзаро англашув тўғрисида меморандум»ни имзолаган. Ҳужжат Эрон ядро ва баллистик дастурлари, шунингдек минтақага қурол-яроғ етказиб беришга алоқадор боғлиқ муҳим масалалар билан шуғулланувчи тўртта ишчи гуруҳи ташкил этишни назарда тутади.

Телеканал маълумотларига кўра, биринчи ишчи гуруҳ «Эрон ядро дастурини бекор қилиш бўйича махфий ва дипломатик иш» билан шуғулланади. Иккинчи гуруҳнинг мақсади «Эроннинг минтақада, хусусан, Сурия ва Ливандаги таъсирини камайтириш» бўлади. Учинчи гуруҳ вазифалари орасида «Эрон баллистик дастурини босиб туриш» ва «Хезболлахга Эрон ракеталарини етказиб бериш ҳаракатларини чеклаш» бор. Тўртинчи гуруҳ эса «минтақадаги кескинликнинг ошиши» билан ишлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид