Бир зум вақт ўтиши билан 2017 йил ҳам, гўёки кўз очиб юмгунча ўтиб кетмоқда, тарих зарварақларига кирмоқда. Бироқ тарихан қисқа даврда, бир йил учун жуда кўпдек туюлган оламшумул воқеа-ҳодисалар рўй берди. Kun.uz таҳририяти ўз нуқтаи назари бўйича энг муҳим бўлган воқеа-ҳодисаларни ёдга олишга қарор қилди.

2017 йилнинг илк дақиқаларидан бошлаб, ўзбекистонликлар ўзгача давр бошланганини ҳис эта бошлади. Негаки, замонавий давлатчиликда биринчи марта Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев халқини телемурожаат орқали шахсан табриклади. Шунингдек, 14 январь куни ташкиллаштирилган видеоселектор йиғилишида ўша вақтдаги собиқ бош вазир ўринбосари Рустам Азимов қаттиқ танқид остига олинди.

Худди шундай бўлди: орадан 11 ой муддат ўтиб, Шавкат Мирзиёев Молия вазири Жамшид Қўчқоров фаолиятига баҳо берди. Унга молия тизимини «тозалаш»га кўрсатма берилди.

Шунингдек, президент Сурхондарё вилоятига сафари давомида Ангор туманидаги Занг гиламбоб қишлоғида Шоди бобо Хушбоқов хонадонида бўлган эди. Шавкат Мирзиёев Шоди бобо ва у кишининг умр йўлдоши Саломат момо билан оиланинг кундалик ҳаёти, фарзандлар ва набираларнинг тарбияси тўғрисида суҳбатлашди. Ва Шоди бобога сўнгги русумдаги Captiva автомобилини совға қилди. Машина ҳақида гап кетганда, Шавкат Мирзиёев Chevrolet Malibu автомашинасини бошқаришни хуш кўриши эслаб ўтиш лозим. Давлат раҳбари 25 март куни Тошкент шаҳридаги қурилиши тугалланган ва режалаштирилаётган иншоотларни Chevrolet Malibu автомобилининг янги намунасида бориб кўрганди.

Фото: Скриншот

30 март куни эса Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселекторда телевидение фаолияти танқид қилинган ва тизимни ўзгартириш кераклиги таъкидланган. Бу соҳада аҳвол «эски ҳаммом, эски тос» бўлиб қолаётгани айтилган. Шундан сўнг, май ойларида «O‘zbekiston 24» номи остида янги миллий ахборот-таҳлилий телерадиоканал пайдо бўлиши ҳақида хабар пайдо бўлди.

Ўзбекистонда 2017 йил апрелида фаолият бошлаган Халқаро Пресс-клуб давлат арбоблари, жамоатчилик вакиллари ва бошқа турли соҳалар раҳбарларини студияга таклиф этмоқда, журналистлар улардан муҳим маълумотларни олишмоқда. Сайёр Пресс клуб жонли тарзда эфирга узатила бошланди.