Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият: отишмалар остида таом тарқатилмоқда

Кейинги 40 кун давомида ҳуманитар қамал шароитида қолган Ғазо шимолидаги Жабалия ва Бейт Лаҳия лагерларида юзлаб болалар, аёллар ва кексалар қўлида бўш идишлар билан иссиқ таом учун навбатда турибди. Бу уларнинг ҳаётдаги ягона умидига айланган.

Исроилнинг қамал ҳолати ва узлуксиз ҳаво ҳужумлари овқат топишни ҳақиқий тирикчилик курашига айлантирди. Хайрия ташкилотлари дронлар гувиллаши остида, вайроналар бағрида егулик тарқатмоқда.

Кўп болалар таомни ўзлари учун эмас, деворсиз, даричасиз, уйларидаги оч наҳор яқинлари учун олиб кетмоқда. Бу аҳвол — шунчаки инсонпарварлик инқирози эмас. Бу — атайлаб уюштирилаётган очарчилик.

Исроилнинг ҳарбий амалиётлари шунчаки ҳалокат бўлибгина қолмасдан, балки бутун бошли жамиятни яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилмоқда.

Қатар ва Саудия Сурия қарзини ёпди

Қатар ва Саудия Арабистони Суриянинг БМТ Тараққиёт банки олдидаги 15 млн долларлик қарзини тўлаб берди. Бу қарор Асад режими қулаганидан сўнг янги ҳукумат учун халқаро ёрдамни қайта тиклаш йўлини очиши мумкин.

Қўшма баёнотда айтилишича, ушбу тўлов банк фаолиятини қайта бошлаш ва янги ҳукуматга молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш имконини яратади. Дамашқ ҳукумати бу қадам учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Сурияда давомли иқтисодий таназзул давом этмоқда: мамлакат миллий валютаси фунт қадри 300 баробарга тушган, аҳолининг 90 фоизи қашшоқ. Ғарб санкциялари ҳамон кучда, АҚШ уларни бекор қилиш учун Эрон таъсирининг чекланишини талаб қилмоқда.

Саудия ва Қатар бу қарорни Вашингтондаги ХВЖ ва Жаҳон банки учрашувларида муҳокама қилган.

Ҳусийчилар АҚШ ҳарбий учоғини денгизга қулатишди

АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига тегишли 60 млн долларлик F/A-18 Super Hornet қирувчи самолёти Қизил денгизга қулади. У «Ҳарри Трумэн» авиаташувчи кемасига ҳусийчиларнинг ҳужуми ортидан содир бўлган кескин бурилиш пайтида сувга қулаб, ғарқ бўлган.

CNN хабарига кўра, хусийчилар дрон ва ракета билан ҳужум қилган. Самолёт бу пайтда ангардан тортиб чиқарилмоқда эди. Жараёнда назорат йўқолиб, самолёт ва уни тортаётган техника денгизга тушиб кетган. Экипаж катапулта орқали ўзини қутқаришга улгурган, бир нафар денгизчи енгил тан жароҳати олган.