Эрон бугунги кунда норозилик намойишлари гирдобида қолди, ушбу акциялар сўнгги ўн йилликдаги энг кенг кўламлисига айланди, деб ёзмоқда Der Spiegel. Бироқ улар бошланганидан ҳаттоки бир ҳафта ўтиб ҳам кўп нарса тушунарсизлигича қолмоқда: намойишчилар аслида нимани хоҳлашмоқда ва норозилик акциялари якунда режимнинг ўзига қўл келмайдими?
"2017 йил Эрондаги режим учун ғалабали якунланди: Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланаётган жангарилар Ливан, Сурия, Яман ва Ироқнинг бир қисмини назорат қилмоқда. Эрон Ислом Республикаси азалий рақиби Саудия Арабистони билан минтақавий курашдаги ўз позицияларини анча мустаҳкамлади", - дея ёзади мақола муаллифи Кристоф Сидов.
“2018 йил режим учун янада мушкул келиши кутилмоқда. Бу кўпроқ ички сиёсий вазият билан боғлиқдир”, - дея таъкидлайди журналист. У мамлакат деярли бир ҳафта давомида норозилик намойишлари гирдобида қолганига ишора қилмоқда. “Улар президент Ҳасан Руҳонийга худди кутилмаган қор каби бўлди”, - дейди Сидов.

“Ўз кучига ҳаддан ташқари ишонаётган режим учун бу намойишлар 2009 йилдан кейинги энг катта акцияларга айланиб, зарба бўлиб тушди. Ўшанда, - дея эслатади журналист, - миллионлаб эронликлар президентлик сайловлари давомида Маҳмуд Аҳмадинажод фойдасига сохталаштиришлар юз берганига қарши норозилик билдирганди”.
Ҳатто бир ҳафтадан кейин ҳам намойишларда қанча эронликлар иштирок этаётгани номаълум бўлиб қолмоқда. 2009 йилги воқеалардан фарқли ўлароқ, бу акциялар Теҳрон билан чекланмади. “2009 йилда, - дея давом этади журналист, - асосан ўрта ва юқори ижтимоий қатламлар вакиллари ўз норозилигини билдирганди, бугунги кунда эса асосан мамлакатдаги камбағал фуқаролар кўчаларга чиқди. Бундан ҳодисаларга гувоҳ бўлганлар далолат бермоқда. Режим норозилик намойишларни ёритишни анча чеклаб қўйди, интернетга киришни блоклади ва акцияларни суратга олишни тақиқлади”.
Рўй бераётган ҳодисаларни аниқ тасаввур қилиш қийин, дея таъкидлайди муаллиф. Интернетдаги видеороликларга қараб баҳо бериладиган бўлса, эронликлар мамлакатда ўсиб бораётган ижтимоий тенгсизликка қарши курашишмоқда.
Бундан ташқари, намойишчилар “режим Суриядаги урушга ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ташкилотини молиялаштиришга миллионлаб маблағларни бераётганидан норози”, дейилади мақолада.










