Халқ тилида соддагина қилиб - порахўрлик, кенг маънода коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан, ушбу мақолада уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини таҳлил этамиз.
Коррупция нима ўзи?
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги расмий сайтида ёзилишича, «Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир». Аслида коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир. Атама, энг аввало, сиёсий аппарат ходимларига нисбатан фойдаланиши одатий тусга кирган.
Иқтисодчи Бэрдҳеннинг фикрига кўра, макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичига энг катта салбий тўлқинни олиб кирувчи омил айнан коррупция ҳисобланади. Унинг кўринишлари турлича бўлиши мумкин: порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, непотизм ва ҳ.к.
Коррупциянинг келиб чиқиш илдизи қаерда?
Унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил кўринишидаги формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Ҳанузгача, барча миллатлар учун қўл келадиган қарши курашда асқотадиган ягона ечим йўқ. Гап шундаки, коррупциянинг асл илдизи унинг пайдо бўлиш географияси билан ўзгаради. Хўш, Ўзбекистонда қандай омиллар унинг куртак отиб, «гуллаб-яшнаши»га шароит яратмоқда?
Аввало, Адлия вазирлиги расмий сайтида келтирилган изоҳни қайтадан кўриб чиқиш тавсия этилади: «Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир».
Бу ерда калит сўзи «давлат органлари ходимлари» саналади. Яъни, ушбу жумланинг ўзи коррупция даражаси юқори эканида давлат хизматчиларининг роли муҳим эканлигини кўрсатади. Давлат органларида хизмат қилаётганларни бундай қабиҳ ишга қўл уришга нима ундамоқда?
Жавоб яна изоҳнинг ўзида ястаниб турибди: «моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида»! Табиийки, коррупция ортида мўмай даромад топиш илинжи турибди, бироқ ҳар бир қуйи босқичда унинг ҳакалак отишига давлат хизматчиларининг ойлик маоши пастлиги сабаб бўлмоқда.

















