Жамият | 18:02 / 07.01.2018
54179
4 дақиқада ўқилади

Чўчқа терисидан ишланган буюмни қандай фарқлаш мумкин?

Фото: Coloribus.com

Бугунги куни мода саноатида турли аксессуарлар, жумладан, туфли, камар, сумка каби буюмларни чўчқа терисидан ишлаш удум бўлган. Чунки у нисбатан арзонроқ ҳисобланади. Чўчқа терисидан ишланган буюмни бошқаларидан ажратиш учун энг аввало, унинг устидаги майда тешикчаларга эътибор қаратиш лозим. Яъни чармнинг юзаси майда 3 дона ёнма-ён жойлашаган тешикчалардан иборат бўлади. Тўғри ҳамма териларда ҳам тешикчали чизиқчалар мавжуд, лекин чўчқа терисида мазкур уч нуқтанинг жойлашиши, улар худди бир гуруҳни ташкил қилгандек тарзда ёнма-ён жойлашган бўлади.

Хўш, муқаддас Ислом дини шариатида чўчқадан олинган маҳсулотларга қандай баҳо берилган. Muxlis.uz сайтида эълон қилинган мақолада шу ҳақда сўз юритилган. Барчамизга маълумки, Қуръони Каримнинг бир неча оятларида чўчқа гўштининг ҳаромлиги таъкидланган. Хусусан, Наҳл сурасида:

«Дарҳақиқат, сизларга ўлимтик, қон ва чўчқа гўшти ҳаром қилинди» – дейди (Наҳл: 115).

Чўчқанинг фақатгина гўшти эмас, балки қолган аъзолари ҳам ҳаром саналади. Аллома Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ: «Чўчқанинг ҳар бир нарсаси: гўшти, ёғи, териси, асаби, қўллари, ички аъзолари, мияси, суяклари, боши, биқини, сути ва жунларини истеъмол қилиш ҳаромдир» – деган.

Териси ошлаш ила пок бўлмайдиган ҳайвонни шаръий йўл билан сўйилса ҳам, на ўзи ва на гўшти пок бўлади. Унинг ҳалол бўлмаслиги турган гап, аммо пок ҳам бўлмайди. Бунга ёрқин мисол чўчқадир. Бутун бошли борлиғи билан нажас бўлгани учун ҳам унинг ҳеч бир аъзоси ҳеч қайси амал билан пок бўмайди. Бинобарин, чўчқанинг қаерига бўлсада, теккан кийим ёки баданни камида уч марта ювиб поклаш зарур. Айни чоғда чўчқанинг ҳеч бир нарсасидан буюм сифатида ҳам фойдалaниб бўлмайди. (“Кифоя”).

Демак, чўчқа терсидан ишланган буюмлардан фойдаланиш, кийимларни кийиш ҳаром экани маълум бўлди.

Лекин, ҳозирда бозор ва дўконларда турли-туман тери маҳсулотлари билан бир қаторда чўчқа терисидан ишланган сумкалар, пойафзаллар, борингки кундалик фойдаланиш учун энг зарур буюмлар ҳам кўпайиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Биз мусулмонлар мазкур кийим ва анжомларни сотиб олишда эҳтиёт бўлишимиз ва Аллоҳ ҳаром қилган нарсадан фойдаланиб қўймаслик учун ҳушёр бўлишимиз лозим.

Чўчқа терисининг яна бир белгиси бу тешикчаларнинг тери юзасида бир текис жойлашгани. Баъзи ишлаб чиқарувчилар мазкур тешикчаларни сездирмаслик учун уларни беркитишга ҳаракат қиладилар. Бундай чармлар “текисланган” ва  “тозаланган” чарм дейилади. Лекин уларнинг баъзи жойларида қолиб кетган уч нуқтали чизиқлар бу чўчқа териси эканини билдиради.

Фото: Islam.az

Агарда сиз буюмнинг ёрлиғида, буюм чўчқа терисидан ишланмагани ҳақидаги ёзувни кўрсангиз, ҳар эҳтимолга қарши ёнларга қараб чиқинг. Сабаби, кўпгина ишлаб чиқарувчилар , буюмларнинг четлари ва кўз илғамас жойларига чўчқа териси билан ишлов беришга ва бу билан ишлаб чиқаришда тежамкорлик қилишга ҳаракат қиладилар. 

Яна бир фарқлаш мумкин бўлган энг оддий жиҳати бу буюмнинг нархига эътибор бериш. Кўпинча, арзон нархдаги оёқ кийимларнинг тагчарми чўчқа терисидан ишланган бўлади. Мазкур маслаҳатлар сизга ҳалол ва покиза буюмларни танлашда асқатади, деб умид қиламиз.

Фото: Islam.az
Фото: Islam.az

Мавзуга оид