Ўзбекистон | 13:01 / 07.01.2018
28670
4 дақиқада ўқилади

Президент эмас, одамлар ишончини қозониш керак- Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 январь куни Тошкент вилоятига ташриф буюргани ҳамда вилоят фаоллари билан учрашиб, маъруза қилгани ҳақида хабар қилган эдик. Мирзиёев ўз маърузасида вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига ҳам атрофлича тўхталди, фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

“Янгийўлда битта шаҳарнинг ўзида бу йил 12 та 7 қаватли уй қурамиз, дедик. Осмондан тушадими бу пуллар? Мана телевизорда кўраяпсизлар, Сурхондарё, Қорақалпоғистондаги 7 қаватли уйлар осмондан пайдо бўлгани йўқ. Унинг учун пул топиш керак, сифатли қилиб қуриш керак, адолат билан эгасига бериш керак. 

Тошкент вилояти мисолида тадбиркорлар билан мунтазам равишда мулоқот қилиб, уларнинг дардини эшитиш, ҳар тарафлама кўмак бериш ва улар дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича янги тизимни жорий этишни таклиф этмоқчиман. 

Мана бугун мен қанча-қанча тадбиркорлар билан қанчалик оғир бўлмасин, учрашдим. Мен уларнинг кўзига қарадим. Улар ҳам ишониб, ҳам ишонмай турибди. Менинг гапимга ишонаяпти. Лекин улар: “Сиз айтаяпсиз-ку, аммо пастда ўша бюрократия, битта ер олиш учун 17 та имзо керак”, деяпти. Бу қанақа гап? Тўртта раҳбар нима қилиб юрибди? Одамларнинг ишончини қозонишимиз керак, президентнинг эмас, одамларнинг! Менга эмас, одамларга ёқиш керак!” – дедидавлат раҳбари.  

Мирзиёев тадбиркорларга ер ажратиш ҳам катта муаммога айланганини ҳақида сўз юритар экан, ер участкаларини ажратиш ваколатини вилоят ҳокимлиги ҳамда кенгашларига ўтказиш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам бериш зарурлиги ҳақида фикр билдирди.

“Тадбиркор кўтарган ҳар қандай муаммо ўрганилиб, амалий ёрдам бериш шарт. Рўйхатдан ўтиш ва инфратузилмага уланиш бўладими, кредит, солиқ, ер қурилиш, давлат назорат органларининг ноқонуний аралашуви бўладими, фақат тадбиркор фойдасига ҳал этиш зарур. Бундан мақсад фақат битта – иш ўрни, иш ўрни, иш ўрни. 

Иккинчидан, ҳар бир туманда ер ажратишни интернетга қўйиб қўясизлар, мана бир туманда бир йилда 500 та ер бор: 1 сотих, 3 сотих, 5 сотих...20 сотих, 1 гектаргача. Интернетда нархи билан қўйиб қўясизлар. Ҳеч қандай 17 та имзо, бирорта қарор бўлиши мумкин эмас. Тошкент вилоятида тадбиркорлик қиламан деган кўп. Аммо, бюрократ борми, улар ривожланмайди, ҳеч қачон. 

4 та сектор раҳбари 10 кишидан олиб келса, 40 киши бўлади. Шуни иш билан таъминлаш бўйича нима қилиш мумкин? Сизга нима ёрдам бериш мумкин? Кредит, пул, ер, газ, свет...ва ҳакозо. Тошкент вилоятида имконият бор. Порахўрлик бўлмаса, коррупция бўлмаса бўлди. Манманлик бўлмаса бўлди. Умид билан яшаётган одамларнинг ниятини амалга ошириши учун биз ҳали ўзимизни қийнашимиз керак, мен бош ҳамма ўзини қийнаши керак. 

Телевизорда кўраяпсизлар, қанча-қанча ногиронлар бор экан. У бечораларни биз шу вақтгача одам сифатида кўрмаган эдик. У ҳам одам. У ҳам яшаш учун туғилган. Нима Тошкент вилоятида йўқми? Нимага уларга уй бермадик? Ҳамма нарсани бирдан қилиб бўлмайди, тушунаман, лекин шунга имконият яратиб бердик, нима учун қилмяпсизлар? 

Бизни тадбиркор боқади. Бошқа ҳеч ким бизни боқа олмайди. Мен Чорвоқда катта корхона қурганим билан жуда кўп бўлса, 5 минг кишини ишга оламан. Миллионлаб одамни иш билан таъминлаш керак”, - деди президент.

Мирзиёев мутасаддиларга тадбиркорларга ер ажратиш, қурилишга рухсат олиш, техник талабларни енгиллаштириш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш, ер ажратиш комиссияси ваколатини вилоят ҳокимига ҳамда вилоят кенгашига бериш бўйича кўрсатмалар берди. 

Мавзуга оид