Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида #doppikiyamiz ҳаракати қизғин тус олмоқда. Гап шундаки, дунёнинг турли давлатларида истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар ҳамда Ўзбекистонда истиқомат қилувчи ижтимоий тармоқ фаоллари миллий бош кийим билан суратга тушиб, флешмобга ўзгача кайфият бағишламоқда.
Барчаси BBC O'zbek xizmati'да фаолият олиб борувчи ўзбекистонлик журналист Рустам Қобилнинг Facebook'даги постидан кейин бошланди. Журналист бундай 17 йил аввал йўқотиб қўйган суратни бехосдан топиб олади ҳамда унда тасвирланган уйғур дўппилари тўпламини ижтимоий тармоққа жойлади. Сурат изоҳига эса қуйидагича ёзилганди: «Дўппи киймай қўйди одамлар, каминайи камтардан бошқа...»

Аслида маънавият ва миллий қадриятлар ҳақида бот-бот гапирилавериб сийқаси чиққанига қарамай, ижтимоий тармоқдаги оддий чақирув барчани бирдек фаоллаштирди. Дастлаб, журналистнинг дўстлари, ижод аҳли ҳамда фаол блоггерлар дўппида тушган суратини эълон қилди. Улар орасида Ziyouz.uz портали асосчиси Давронбек Тожалиев, ўзбекистонлик Ҳарвард талабаси Нилуфар Кўчимова, Migrant.mobi ахборот портали раҳбари, юрист Ботиржон Шерматов, ҳаттоки фазогир Солижон Шарипов ҳам бор.




Ўйлаб топилган қаҳрамонлардан бири, Раис бува ҳам флешмобдан четда қолмаслигини юмор орқали ифодалаб турибди.

Шундан сўнг, қардош туркий халқ вакиллари ҳам миллий бош кийимини барчага «кўз-кўз» қила бошлади. АҚШнинг Аляскасидан тортиб Япониягача чўзилган кенгликда истиқомат қилаётган ўзбеклар эса турли ракурсдаги фотолар билан «рақобат»ни кучайтирди.





























