Президент Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни тиббий инфратузилмани ягона мастер-режа асосида ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича тақдимот билан танишди.
Тиббиёт муассасалари аҳоли эҳтиёжига қараб жойлаштирилади
2026–2036 йилларга мўлжалланган мастер-режаларни ишлаб чиқишда аҳоли сони ва ўсиши, тиббий хизматларга эҳтиёж, шифохоналар қуввати ҳамда беморларнинг муассасаларга етиб бориш вақти ҳисобга олинади.
Режалар асосида қайси муассасани сақлаб қолиш, бирлаштириш ёки реконструкция қилиш, қаерда янги шифохона қуриш, уни қандай жиҳозлаш ва қанча мутахассис зарурлигини белгилаш кўзда тутилмоқда. Инвестиция дастурлари ҳам шу режалар асосида шакллантирилади.
Тиббий инфратузилмани режалаштиришдан олдин мавжуд объектлар хатловдан ўтказилмоқда. Ўнта вилоятда ўтказилган хатловда соҳага тегишли 3 499 та объект аниқланган. Бу Кадастр агентлиги маълумотларидагидан 494 тага кўп. Барча ҳудудларда хатловни якунлаш, объектларнинг электрон паспортларини шакллантириш ва ягона рақамли реестр яратиш таклиф этилди.
Туманларда шифо ўринлари кўпайтирилади
Самарқанд вилояти мисолида тиббий инфратузилмани қайта ташкил этиш режалари тақдим этилди. Вилоят аҳолисининг 80 фоизи туманларда яшаса-да, шифо ўринларининг атиги 41,7 фоизи туманлар ҳиссасига тўғри келади.
Мастер-режага кўра, тиббий ҳудудларни қайта ташкил этиш орқали туманлардаги шифо ўринлари улушини 67 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Бу тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштиришга қаратилган.
Самарқанд шаҳри, Ургут, Пастдарғом, Каттақўрғон, Иштихон ва Пайариқда янги шифохоналар қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш режалари кўриб чиқилди. Шунингдек, вилоят марказидаги ихтисослашган муассасаларни кўп тармоқли шифохоналар негизида қайта ташкил этиш, марказий лабораториялар, стерилизация ва ташхислаш хизматларини ривожлантириш таклиф қилинди.
Ургут, Каттақўрғон ва Пастдарғомда 2030 йилгача жами 1 500 та янги шифо ўрни яратиш назарда тутилмоқда.
Тиббиёт муассасалари учун ягона талаблар белгиланади
Тақдимотда янги бинолар қуриш билан бирга, тиббий хизматлар сифатига ҳам эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Поликлиника ва шифохоналарни лойиҳалашда беморлар ҳаракатини қулай ташкил этиш, инфекцион назорат, инклюзив муҳит ва хоналарни жиҳозлаш бўйича ягона талабларни жорий этиш таклиф қилинди.

















