Болалар контентини ривожлантириш маркази буюртмаси асосида суратга олинаётган филм учун «Ўзбекфилм» киностудиясида аллома яшаган давр муҳитини акс эттирувчи декорациялар барпо этилган. Давлат раҳбари тарихий шаҳар деворлари, кўча ва бозор манзаралари, давр либослари ҳамда суратга олишда фойдаланиладиган буюмларни кўздан кечирди.

Президент киноижодкорлар билан мулоқотда давлат миллий руҳдаги, буюк аждодларимиз ҳаётига бағишланган филмлар яратилишига эътиборни янада кучайтиришини таъкидлади. Бу ерда барпо этилган декорацияларни юқори баҳолаб, улар тарихий муҳитни экранда ишонарли гавдалантиришга интилишдан далолат эканини қайд этди. Бой тарихимиз ва алломаларимиз меросини кино тили орқали ёш авлодга етказиш, уларда ўз ўтмишига қизиқиш ва ифтихор туйғусини уйғотиш муҳимлигини таъкидлади.

Филмда ёш Ҳусайн ибн Абдуллоҳнинг табобатга муҳаббати, устозларига садоқати ва инсонпарварлиги тасвирланади. Асар орқали болаларга алломанинг илмга интилиши ва шахсий фазилатларини яқиндан танитиш кўзда тутилган.

«Ҳусайн» филмини яратиш Абу Али ибн Сино илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган «йўл харитаси»да белгиланган. Ҳужжатда аллома таваллудининг 1050 йиллигига тайёргарлик кўриш ҳам назарда тутилган.
Президент филм ижодкорларига муваффақиятлар тилади.

















