Жаҳон | 16:35 / 10.01.2018
5582
2 дақиқада ўқилади

АҚШ суди: Трамп маъмурияти ноқонуний муҳожирларни ҳимоя қилиши керак

Фото: Reuters

АҚШнинг Калифорния штати Сан-Франциско шаҳри федерал суди президент Дональд Трамп маъмурияти Қўшма Штатларга вояга етмаган вақтида кирган ва ноқонуний яшаётган муҳожирларни депортациядан ҳимоя қилиш дастурини вақтинча тиклаши керак, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Reuters агентлигига асосланган ҳолда ТАСС хабар бермоқда. 

2017 йил сентябрида Трамп маъмурияти года Deferred Action for Childhood Arrivals – DACA дастурини бекор қилишга қарор қилган эди. Бу дастур ундан аввалги президент Барак Обама томонидан жорий қилинганди. АҚШ адлия вазири Жефф Сешнс буни иммиграция қонунчилигини айланиб ўтиш деб баҳолаган ҳамда DACA дастурини бекор қилиш жараёнига ярим йил вақт кетишини айтганди. АҚШ Конгрессига шу вақт мобайнида дастур муқобилини ишлаб чиқиш таклиф этилган эди. 

Шундан сўнг, 10 дан ортиқ штат судга мурожаат қилиб, DACA дастурини бекор қилишни ноқонуний деб топишни талаб қилишган. Чунки бу муҳожирларнинг қонуний ҳуқуқларини қўпол равишда бузади.
 
9 январь куни Сан-Франциско судьяси Уильям Элсап мазкур иш бўйича илк хулосасини берди. Унга кўра, дастурни тўхтатиш жараёни якунига етмагунча кучида қолиши керак, деб ёзади Reuters. Шу билан бирга, таъкидланишича, АҚШ маъмурияти 2017 йил сентябрига қадар дастурда иштирок этмаганлардан янги аризаларни қабул қилмаслиги мумкин.
 
Обама бошқаруви вақтида жорий қилинган DACA дастури АҚШ ҳудудида яшаб келаётган ва 2012 йил июнь ҳолатига кўра, 31 ёшдан кичик бўлганларга нисбатан қўлланилган. Дастур таъсир доирасига кириш учун Америкада ноқонуний истиқомат қилиб келаётган хорижлик фуқаро 2007 йил июнидан бошлаб яшаб келаётган ва ўша вақтда 16 ёшдан катта бўлмаган бўлиши талаб этилар эди. Дастур асосида йилига 800 минг атрофидаги киши депортация бўлишдан қутулиб қолар эди. 

Мавзуга оид