«Манчестер Сити» Санчесдан воз кечгани йўқ, «Ливерпуль» Коутиньога ўринбосар изламоқда, «Челси» Росс Баркли трансфери можароси билан банд, Арсен Венгер эса ўзига хос ҳаракат қилиб, Грециядан 2 миллион евролик футболчи олиб келди. Бу жамоалар фонида «Манчестер Юнайтед» бироз пассив кўриниши табиий. Қишки трансфер даричасини унчалик хуш кўрмайдиган Жозе Моуриньо бу фаразни исботлаб, ўтган январда ҳам умуман ҳеч кимни сотиб олмаганди.

Лекин ушбу мавсумда жамоанинг мақсадлари юксакроқ – «МЮ» 2-4 ўринлар учун аёвсиз жанг қилиш ва Чемпионлар Лигасида ҳам узоқроққа боришни мақсад қилган. Баъзи футболчиларнинг жароҳати ва ишончни оқлай олмаётганликлари эса, баъзи паллаларда «Юнайтед» таркибида муаммолар борлигини кўрсатиб қўйди. Буни Моуриньонинг ўзи ҳам тан олди ва одатга хилоф равишда январда ҳам бир қатор трансферлар бўлиши мумкинлигини инкор этмади.

«МЮ» ҳозирда икки қанот ҳимоячисига, шунингдек марказий ярим ҳимоячига ҳам эҳтиёж сезмоқда. Лекин энг кўп муҳокама қилинаётган позиция жамоанинг ўнг қанот ҳужумчиси ёки вингерига бўлган талабидир. Айнан бу позиция кўпроқ муҳокама бўлиши табиий, сабаби, майдоннинг айнан шу нуқталарида юлдуз футболчилар тўп суради.

Гарет Бэйл, Паоло Дибала ёки Антуан Гризманн каби орзуларни бир четга суриб, «Юнайтед» айнан мана шу январда сотиб олиши ҳақиқатга яқинроқ бўлган номзодлар ҳақида суҳбатлашамиз.

МЕСУТ ЎЗИЛ (Арсенал) – 29 ёш

2017/18 мавсумда: 18 ўйин, 4 гол, 5 ассист

Тахминий трансфер қиймати: 30 миллион фунт

Фото: Twitter

Германиялик футболчи «Арсенал» билан янги шартнома тузгани йўқ ва бу иш амалга ошмаса ҳам керак. Бунинг натижасида трансфер қийматини юқори бўлмаслиги, шунингдек, тажрибали футболчи сифатида Ўзил «Юнайтед»га илк кунларданоқ ёрдам бера бошлашини эътиборга олсак, ёмон вариант эмас. Ўзил Жозе Моуриньо билан «Реал»да ҳам бирга ишлаган ва айтиш керакки, футболчининг Мадриддаги энг юлдузли онлари ҳам ўша даврга тўғри келганди.

Ўзил ҳар икки қанотда ҳам ўйнай олади, тезкор қарши ҳужумлар ташкил қилиш ва ўйинни назорат қилиш бўйича Хуан Мата ёки Мхитаряндан устунроқ. «Арсенал» ва Ўзил бу мавсум Чемпионлар Лигасида қатнашмади, демак Месут Чемпионлар Лигасида ҳам фойдаланиш бўлган юлдузли трансферлардан бири бўлиши табиий. Балки ёзни кутиб, футболчини текинга қўлга киритиш ҳам мумкиндир, аммо у пайтгача вазият ўзгариши, футболчи учун янги талабгорлар пайдо бўлиши мумкинлигини ҳам эсдан чиқармаслик керак.