- Ўгай онам жонимдан тўйдирди, - деди Зебо (исм-фамилиялар ўзгартирилган) таниши Асқарга Наманган шаҳридаги Хотира хиёбонида ўтирганида. – Аслида ўшани деб кўчага чиқиб кетганман. Акамни ҳам туҳмат билан қаматиб юборган ўша...

Асқар Зебонинг онаси ўгай эканини эшитган, шу боис унга ачиниш билан қараб ўтирарди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

- Менинг ҳам бошқалар қатори ўз оилам билан бахтли яшашга ҳақим бор-ку, тўғрими?! – яна ҳасратини давом эттирди Зебо. – Онам бўлса, мени таниш-билишларга ўғри, бузуқ, деб гап тарқатиб юрибди. Ҳозир қариндош-уруғлар мен билан гаплашмай қўйган...

Қиз яна бироз ҳасрат қилганди, ҳали вояга етмаган Асқарнинг ғазаби қўзғади:

- Э-э, бунақа аёлни ўлдириб юбориш керак!

Зебонинг миясида ҳам аввалроқ шундай фикр пайдо бўлган, бироқ уни қандай амалга ошириш ҳақида бир тўхтамга келгани йўқ эди. Асқарнинг бу гапидан кейин у ҳам “жонланди”.

- Мен ҳам шу ҳақда ўйлаётгандим, аммо бир ўзимнинг қўлимдан ҳеч иш келмайди. Агар сен ёрдам берсанг...

- Бу ёғидан хавотир олманг, сизга ўзим ёрдам бераман. Айтганча, Сардобада ишлайдиган танишларим бор – Исмоил. Ёрдам сўрасак, йўқ демас...

Бу дадиллик Зебонинг юрагидаги адоват оловини янада “гуриллатиб” юборди, у ўзига-ўзи: “Ана энди кўрасан мендан, сен... Дадамни ўзингга оғдириб олдинг. Акамни бегуноҳ қаматиб, оиламизнинг бор бойлигига эга чиқдинг. Энди сен билан бошқа гаплашадиган кун келди – яшашга ҳақинг йўқ, сен ўлишинг керак!..”

Зебо эндигина 18 баҳорни қарши олган, айни ҳаёт завқини туядиган ёшда. У тенги қизлар бу паллада қайсидир олий ўқув юртида таҳсил олаётган, ё касб-ҳунар сирларини эгаллаб, порлоқ келажаги учун пойдевор қўйишга улгуришган. Зебо эса ўзи учун “қора қисмат”ни танлади. Ўгай онанинг панд-насиҳатларини, яъни “ўқи, ҳунар ўрган”, деган ўгитларини “ўгай бўлгани учун кўра олмаслик”, дея баҳолади. Ўзи сингари “кўча ҳаёти”ни маъқул билган дугоналарига қўшилиб, Наманган шаҳрида паноҳ топди.

Унинг ҳаёти вақт ўтган сайин оғирлашиб, ҳаром-ҳарижга ботиб борарди. Шундан бўлса керак, унинг қалбидаги ўгай онага бўлган адоват борган сари кучая борди. Боз устига, акаси гиёҳванд моддалар савдосига аралашиб қолиб қамалди-ю, Зебо баттар жазавага тушди.

Зебо ва Асқар разил мақсадларига эришиш учун Исмоилнинг ёнига бориб, бироз ёлғон ишлатишди.