2017 йилнинг 1 сентябридан Ўзбекистонда катта пул эвазига, жумладан, аукцион савдолар орқали маълум бир комбинациядаги ҳарфлар ва рақамларни танлаш имконияти тақдим этилди. «Очиқ Осиё онлайн» Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги «элита» авторақамлари бозорини ўрганиб чиқди.
Ўзбекистон
Чиройли авторақамларнинг онлайн-аукциони Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси кўмагида avtoraqam.uzex.uz сайтида ўтказилади. У ерга исталган киши кириши мумкин, аукционда иштирок этиш учун қандайдир қоғоз ҳужжатлар талаб этилмайди. Ҳам шахсий компьютер, ҳам мобил қурилмалар орқали қайддан ўтса бўлади. Савдо платформаси мамлакат ҳукуматининг 2017 йил 31 августидаги «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида ишга туширилган. Шундай қилиб, энди чиройли автомобиль рақамини қонуний йўл билан очиқ харид қилиш мумкин.

Савдоларда қатнашиш учун автомобилчиларга қайддан ўтиш зарур бўлади. Бунинг учун пластик картани аккаунтга боғлаб, бошланғич баҳонинг 10 фоизи миқдорда гаров пули киритиш керак. Савдо тугагач, сумма фақат аукцион ғолибидан ечиб олинади, қолганлар гаров пулини қайтариб олишади.
Савдо иштирокчилари бутун аукцион мобайнида барча таклифларни олишлари мумкин. Энг катта нархни эълон қилган ғолиб автоматик тарзда танланади. 5 иш куни ичида у тузилган битим бўйича барча молиявий мажбуриятларни ёпиши ва кейинги 10 кун ичида ўз давлат рақамини Ўзбекистон Республикаси ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларида расмийлаштириб олиши мумкин.
Авторақамлар билан онлайн савдо 4 тоифага бўлинган: «Платина», «Олтин», «Кумуш» ва «Бронза». Ҳар куни «Авторақам» электрон тизимида ўртача 10та битим тузилади.




















