«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистон: жамоатчилик фикри - 2017” мавзусида социологик сўров ўтказилди.
Унда жами мамлакатнинг барча минтақаларида 18 ёш ва ундан катта ёшдаги 1100 нафар киши сўралди, уларнинг 49,1%и эркаклар ва 50,9%и хотин-қизлар.
Жамоатчилик фикри сўрови жараёнида Давлат Раҳбари томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган 2017 йилда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига фуқаролар берган баҳо аниқланди. Фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги – 94,9%и мамлакатдаги жорий ижтимоий-иқтисодий аҳволни “барқарор” деб баҳолайди.
Фуқаролар шунга ишонадиларки, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да бошланган ва давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга, ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир оила ва жамиятнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва таъминлашга қаратилган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар келажакда ҳам давом эттирилади.
Ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги (90,6%) шунга ишонч билдирдиларки, давлат раҳбари томонидан «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинган 2018 йилда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол яхшиланади, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишда юқори натижаларга эришилади, аҳоли даромадларининг ўсиши, фуқаролар ҳаёти сифати ва даражасининг ошиши таъминланади.
Сўровнинг 80%дан ортиқ иштирокчилари, умуман олганда, давлат ва жамият ҳаётининг кўпчилик соҳаларидаги тараққиётдан, жумладан, мамлакатда тинчлик, хотиржамлик ва тартибни сақлашга қаратилган чоралардан, аҳоли шахсий хавфсизлигининг таъминланганлиги даражасининг ошганлигидан, иқтисодий фаолиятни ривожлантириш ва амалга ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек, хусусий мулк ва тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таъминланганлигидан қониқадилар.
Жамоатчилик фикри сўрови шуни кўрсатдики, 2018 йилда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар ва жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро муносабатларида ривожланишнинг янги босқичи бошланди. Фуқароларнинг ҳисоблашича, давлат раҳбари раҳбарлигида мамлакатимиз халқаро майдонда ўз мавқеини анча мустаҳкамлади, хорижий ҳамкорлар билан ҳар томонлама ўзаро фойдали ва амалий ҳамкорлик янада ривожланишда давом этди. Мамлакат президентининг қўшни мамлакатлар билан алоқаларни фаоллаштириш, улар билан яхши қўшничилик, дўстлик, шерикчилик муносабатларини ўрнатиш, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича илгари сурган ташаббуслари ўзбекистонликлар томонидан ижобий қабул қилинди.
Сўров иштирокчиларининг фикрича, мамлакат халқаро нуфузининг мустаҳкамланганлиги, жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистон обрўсининг ошганлиги ўтган йилда ташқи сиёсат соҳасида Ўзбекистон эришган бош натижалар бўлди. Фуқароларнинг 89,4%и шунга ишонадики, мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда қўшни давлатлар ва халқаро сиёсий саҳнанинг етакчилари билан тенг ҳуқуқли мулоқот олиб боришга имкон берувчи самарали ташқи сиёсат амалга оширилмоқда.















