2018 йилнинг 20 январидан Шимолий Кореядаги асосий автомагистраллар пуллик бўлади. Бу ҳақда Россиянинг КХДРдаги элчихонаси "Фейсбук"да хабар берган.

Хабарда айтилишича, Пхеньян – Вонсан сайёҳлик трассаси ҳам пуллик бўлади. Таъкидланишича, у ерда толл-гейтларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

- Эндиликда Шимолий Корея пойтахтидан Япон денгизи қирғоғидаги Вонсан соҳилбўйига боришни хоҳлаган одамлар ўз енгил машинаси учун саккиз евро тўлаши керак бўлади, - дейилади дипломатик миссия хабарида.

Ваколатхонадан таъкидлашларича, янгилик ҳам чет элликлар, ҳам маҳаллий фуқароларга тааллуқли бўлади.

Тезюрар автомагистралдан фойдаланиш учун йиғимга тўловни амалга ошириш "Мирэ" электрон ҳисоблаш картаси ёрдамида амалга оширилади.