Жамият | 09:53 / 18.01.2018
5087
2 дақиқада ўқилади

5 йилда 30 млрд доллар. Apple АҚШ бўйича режаларини ошкор қилди

Фото: Apple

АҚШнинг Apple корпорацияси яқин беш йил давомида Қўшма Штатлар иқтисодиётига 30 млрд доллардан ортиқ маблағни йўналтирмоқчи, шунингдек, иккинчи қароргоҳини очмоқчи. Бу ҳақда компания хабарида айтилади.

"Apple АҚШга кейинги беш йил давомида 30 млрд доллардан ортиқ маблағни йўналтирмоқчи ҳамда 20 мингдан ортиқ янги иш ўринларини ташкил этмоқчи, компания ходимларни ҳозирги кампусга, шунингдек, янгисига ёллаш ниятида", - дея таъкидланади баёнотда. Айни дамда АҚШда Apple’нинг тахминан 84 минг ходими бор.

Корпорациянинг билдиришича, янги кампус АҚШ ҳудудида қурилади, аввалига у ерда техник қўллаб-қувватлов мутахассислари ишлайди. Иккинчи қароргоҳнинг қурилиши учун аниқ жой кейинроқ маълум қилинади. Apple’нинг ҳозирги кампуси Калифорния штатидаги Купертино шаҳрида жойлашган. Компания АҚШда маълумотларни қайта ишлаш бўйича қўшимча марказларни ҳам ташкил этмоқчи, уларнинг қурилишига 10 млрд доллар йўналтирилади.

Apple’дан таъкидлашларича, янги инвестиция, шунингдек, ҳозирги лойиҳалар ва харажатлар эътиборга олинса, корпорациянинг АҚШ иқтисодиётига йўналтирадиган сармояси яқин беш йил давомида 350 млрд доллардан ортиқни ташкил этади.

Бундан ташқари, тахминан 252 млрд долларлик хорижий капиталга эга бўлган Apple улар учун АҚШда 38 млрд долларлик солиқларни тўлаш ниятида. Бу компания кўрсатилган капитални АҚШга қайтармоқчи бўлгани учун керак.

Мавзуга оид