«Ҳаётда шундай инсонлар борки, уларнинг ҳаётида бирор муқаддас тушунча йўқ, улар яхшиликни қалб кўзи билан кўра олишмайди. Ундайлар одамлар ва халқлар ўртасига нифоқ уруғини сочишнигина исташади.

Шу кунларда Armenian Report сайтида Тевос Аршакян номли аллақандай журналист, агар уни шундай деб аташ мумкин бўлса, ўз мақоласида жазавага тушганча аҳмоқона фикр — ўзбекларнинг арманларга нисбатан нафрати ва ҳасади ҳақида сўз юритади. Ва у буларнинг барчасини Ўзбекистон Футбол федерациясининг Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Самвел Бабаяннинг умрбод футболдан четлатиш ҳақидаги қарорига таяниб ўйлаб топади.

ЎФФнинг ушбу қарорини Аршакян сиёсий ракурсда шарҳлаб, Ўзбекистонда яшаётган арманлар учун ёруғ кунлар тугаб бораётганига ишора қилади. Бизга бу мақола ҳақида Бабаяннинг ўзи қандай фикрда эканлигини билиш қизиқ бўлди, Самвел Вячеславовичнинг ўзи эса аллақачон мақола эгасига жавоб хати йўллашга улгурган экан», деб ёзади Interfutbol сайти ва Самвел Бабаяннинг Тевос Аршакянга ёзган қуйидаги хатини келтиради:

«Сизнинг провакацион мақолангизни ўқиб мен таажжубга тушдим: сизнинг асл вазиятдан хабардор бўлмай туриб, бизнинг мамлакатимизда миллатчилик борлиги ҳақида ёзишга қандай маънавий ҳаққингиз бор? Мен, Бабаян Самвел, шу буюк мамлакатнинг фуқароси эканлигимдан фахрланаман. Мен ўзбек маҳалласида туғилиб ўсдим, гапиришни ўрганиб, илк айтган сўзларим ҳам ўзбекча бўлган. Менга ўз ватанимга бўлган муҳаббат ва ватанпарварлик руҳи она сути билан кирган, ўз фарзандларим ва Ўзбекистон фахри бўлган шогирдларимга ҳам шундай тарбия бераман. Менинг мамлакатим ўта бағрикенг, миллати ва динидан қатъи назар, ҳар қандай инсонга ўзини намоён этиш учун имконият эшикларини очиб беради. Менинг арман эканлигим ва мамлакат бош терма жамоаси бош мураббий этиб тайинланганимнинг ўзиёқ бундан далолат бериб турибди ва бундай мисоллар жуда кўп.

Сизнинг Ўзбекистон ва ўзбек халқи тўғрисидаги сўзларингиз масъулиятсиз ва жинояткорона. Мен бу халқ ва мамлакат ҳақида тўхтамасдан сўзлаб беришим мумкин, лекин бундай қилмайман, чунки бу ўлканинг қандай эканлигини бутун дунё аҳли билади. Бу ерга бир марта келган киши Ўзбекистонни севиб қолмасдан иложи қолмайди. Мен сиздан келгусида мен фуқароси бўлган ва фуқароси эканлигимдан фахрланадиган жонажон Ўзбекистонимга дахлдор бундай шов-шувли ва асоссиз баёнотлар билан чиқиш қилмасликни сўрайман. Сиз ўзи кимсизки, ўз ватанига ва халқига хизмат қилишга ўзини бахшида этган президентимизга баҳо берсангиз? Менинг ҳар бир сўзимга бу барокатли заминда асрлар бўйи яшаб келаётган барча арманлар қўшилади.