Вазирлар Маҳкамасининг 5.01.2018 йилдаги 7-сон қарори билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида намунавий низомнинг янги таҳрири тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Илгари амалда бўлган низом (31.07.2017 йилдаги 562-сон ВМҚ билан тасдиқланган) ўз кучини йўқотди. 

Умуман олганда янги ҳужжат аввалгисидан катта фарқ қилмайди. Киритилган янгиликлар қуйида келтириб ўтилади.

Оммавий ва интерактив қабуллар

Фуқаролар йиғинининг раиси жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакиллари учун оммавий қабулларни ташкил этиши мумкин. Бундай қабуллар чоғида учрашув иштирокчилари мурожаатномалар беришлари мумкин. Оммавий қабулни ҳовлиларга (квартираларга) ёки бошқа биноларга ва жойларга бирма-бир кириб чиқиш орқали ҳам ўтказилиши мумкин.

Бундан ташқари, амалиётга узоқда жойлашган абонентлар билан видеоконференцалоқа воситасида реал вақт режимида интерактив ўзаро алоқа тури жорий этилмоқда (масалан, узоқда жойлашган маҳалла аҳолиси билан). Бундай тартиб оғзаки мурожаатлар бериш имконини ҳам беради.

Электрон мурожаатлар учун ЭРИ зарур эмас

Илгари электрон мурожаат албатта ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланар эди. Энди ушбу талаб бекор қилинди. Мурожаат қилувчини идентификациялаш учун мурожаатнома қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

• жисмоний шахс ҳақида – ФИО ва яшаш манзили;
• юридик шахс ҳақида – тўлиқ номи ва жойлашган жойи (почта манзили). 

Жавобнинг маъносини тушунмадингизни – тушунтиришни талаб этинг

Мурожаат қилувчининг илтимосига кўра фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи (ФЎЎБО) жавобнинг маъносини ўзгартирмаган ҳолда унга тушунтириш бериши шарт. Шунингдек, ФЎЎБОнинг жавобда йўл қўйилган хатоларни (шу жумладан арифметик хатоларни) ўз ташаббусига кўра ёки мурожаат қилувчининг илтимосига кўра тузатиш мажбурияти жорий этилмоқда. Тушунтиришлар бериш ва хатоларни тўғрилаш тўғрисидаги илтимослар 10 кун муддатда қўриб чиқилади.