Жаҳон | 09:02 / 18.01.2018
8400
2 дақиқада ўқилади

Трамп Россияни Шимолий Кореяга ёрдам беришда айблади

Фото : Evan Vucci

Россия Шимолий Корея масаласини ҳал қилишда умуман ёрдам бермаяпти, деб айтди АҚШ президенти Дональд Трамп Reuters ахборот агентлигига берган интервьюсида. 

Унинг айтишича, Москва Пхеньянга БМТ санкцияларидан қочишда кўмак бермоқда.

“Россия бизга Шимолий Корея масаласида умуман ёрдам бермаяпти. Россия бу иши билан Хитой бераётган ёрдамни йўққа чиқармоқда”, деб айтган Трамп.

Трампнинг таъкидлашича, бунинг барчаси Пхеньянни АҚШ ҳудудигача ета оладиган узоқ масофага мўлжалланган ракетани яратишга борган сари яқинлаштирмоқда. 

Трамп, шунингдек, ўзидан аввалги президентлар Билл Клинтон, Кичик Жорж Буш ва Барак Обамани Шимолий Корея масаласини ҳал қила олмаганликда айблади.

Трамп Россия президенти Владимир Путин Шимолий Корея муаммосини ҳал қилиш учун кўп нарса қила олишини, бироқ АҚШ ва Россия ўртасидаги алоқаларнинг яхшимаслиги бу масалада жиддий ютуқларга эришишга имкон бермаётганини таъкидлаб ўтган.  

Трамп шу билан бирга Хитой бу масалада ҳисса қўшаётганини, бироқ Пекин Пхеньянни босиб туриш учун бундан ҳам кўпроғига қодирлигини айтган.

Аввалроқ Россия ва Хитой Корея яриморолидаги вазиятни барқарорлаштириш учун Шимолий Кореяга ядровий синовлар ўтказиш ва ракеталар учиришни тўхтатишни, Жанубий Корея ва АҚШга минтақада машғулотлар ўтказишдан тийилишни таклиф қилган. Бироқ Вашингтон бунга рози бўлмаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид