Ўзбекистон | 14:10 / 18.01.2018
9073
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темир йўллари» Урганч ва Хива ўртасидаги темир йўлнинг 29,6 километрини ётқизди   

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш, ундан самарали фойдаланиш, сайёҳларга Хива шаҳрининг ноёб тарихий-маданий ва меъморчилик мероси билан кенгроқ танишиши учун кенг шароитлар яратиш, транспорт хизматлари сифатини такомиллаштириш бўйича муҳим топшириқ ҳамда тавсиялар берган эди. Хусусан, ташриф давомида Урганчдан Хивагача темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш, бу йўлда электропоездлар, келгусида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поезди қатновини йўлга қўйиш таъкидланганди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизматининг хабар беришича, Урганч – Хива янги темир йўл линиясини қуриш лойиҳасининг қиймати 35,9 миллион АҚШ долларига тенг. Ҳозирги кунда унинг дастлабки босқичи, яъни пўлат излар ётқизиш ишлари давом этмоқда ва шу кунгача умумий узунлиги 29,60 километр темир йўллар ётқизилди. «Боштранслойиҳа» акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан тақдим этилган лойиҳага кўра, ушбу янги темир йўли жорий йилда фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Қурилиш-монтаж жараёнида жами 831 минг метр куб тупроқ ишлари бажарилди. Йўл бўйлаб 124 та сунъий иншоот ҳам барпо этилди. Бунёдкорлик ишлари давомида 6 та йўл ўтказгич ва кўприклар қурилди.

Бу ердаги қурилиш ишларини амалга оширишга 350 нафардан ортиқ тажрибали ишчи-хизматчилар, мутахассислар жалб этилган. Лойиҳани белгиланган вақтида, сифатли ва мустаҳкам қилиб амалга ошириш мақсадида 70 га яқин қудратли техника ва механизмлар куну тун ишлатилмоқда.

Лойиҳа доирасида Хива шаҳрида бир вақтнинг ўзида 200 йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлган, миллий услуби уйғунлашган темир йўл вокзали ҳам барпо этилмоқда. Янги қурилаётган вокзал биносининг ташқи кўриниши Хоразм меъморчилиги намуналарини ўзида акс эттиради. Вокзал сўнгги русумдаги асбоб-анжомлар билан жиҳозланади. Бу ерда замонавий VIP-зали, она ва бола хонаси, тиббиёт хоналари қурилади. Лойиҳага кўра бинонинг кираверишида замонавий ва маҳаллий услублар уйғунлашган кўркам фое ҳам ўрин олган. Режага мувофиқ унинг олди қисмида замонавий, мусиқали фаввора ўрнатилади. Бу ерда юқори тезликдаги Интернет хизматини Wi-Fi технологияси орқали тарқатиш ускуналарни ўрнатиш ҳам кўзда тутилган. Айни пайтда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.

Мавзуга оид