Туркия жанубидаги Хатай вилоятида жойлашган Райҳонли шаҳрининг Суриянинг Африн шаҳридан ўққа тутилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди ва 46 киши жароҳат олди. Шунингдек, Килис шаҳрида ҳам 7 киши яраланган.   

“Курдларнинг PYD (“Демократик иттифоқ”) террорчилари томондан Райҳонли томон 11 та ракета отилган бўлиб, улардан 9таси шаҳар ҳудудида портлади”, деб айтилган Хатай вилояти маъмуриятида.

Килис маъмуриятининг хабар қилишича, бу шаҳар ҳам Африндан ўққа тутилган. Бу ерда 4 та ракета портлаган.

Туркия 20 январда суриялик курдлар гуруҳларига қарши ҳарбий операция бошлади. Анқаранинг таъкидлашича, ушбу операция фақат террорчиларга қаратилган.

Дамашқ Туркиянинг Афринга ҳужумини қоралаб, уни “тажовузкорлик” деб атаган.