2018 йилнинг 20 январь куни Туркия Республикасида олий таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг учрашув тадбири бўлиб ўтди. Учрашув Истанбул шаҳрининг Ускудар туманида “Ёшлар Маркази” номли саройда ташкил этилди. Ушбу тадбирга Истанбул шаҳрида таълим олаётган талабалар билан бир қаторда Анқара, Кўжаели, Сакаря, Қўня, Самсун, Эрзурум, Ялова ва Эдирне каби вилоятлардан жами 100га яқин талаба иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Анқарадаги элчихонаси иккинчи котиби Б. Тоғаев, Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси консули Ж. Пармановдан ташқари Туркия университетларида фаолият юритаётган Н. Ҳасанов, З. Юсупов, Б. Норбоев ва Қ. Шокиров сингари профессор-ўқитувчилар ҳам иштирок этиб, сўзга чиқишди.





“Талабалар учрашуви” шу йилнинг 18 январида Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳридаги фожиада вафот этган ўзбекистонликларга бағишланган Қуръон тиловати билан бошланди, улар ҳақига дуолар қилинди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси талабалар жўрлигида ижро этилди. Ундан кейин бошловчилар Ўзбекистон ва Туркия давлатларининг таълим ва маданий-маърифий алоқалари тарихи, ҳозирги вазияти ҳақида маълумот беришди. Ҳозирда Туркия Республикасида мингга яқин ўзбекистонлик талаба таълим олаётгани айтиб ўтилди. Тадбирнинг расмий очилиш нутқи учун сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси консули Ж. Парманов мамлакатимизда ташкил этилган “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси”нинг мақсад ва вазифаларига ҳам тўхталиб ўтди. Ўзбекистон Республикасининг Анқарадаги элчихонаси иккинчи котиби Б. Тоғаев сўзга чиқиб, бундай ташкилий тадбирни уюштирган талабалар Э.Жумаев, З.Камалова, Б.Мусаметов, Ф.Отахонов, С.Болтабоев, Б.Рафиева, М.Аҳмаджонов, А.Худойберганов ва С.Маҳмуджоновларни самимий қутлади ва элчихона сифатида бутун талабаларга ҳар қандай ёрдам ва қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлаб, бундан кейинги фаолиятларда муваффақият тилади.






















