Жамият | 12:40 / 23.01.2018
15865
3 дақиқада ўқилади

Эгри йўлдан юрганлар

Азиза Шоматова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нафсининг қулига айланган бандалардан экан. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлайдиган А.Шоматова ёнига ёрдам сўраб келган фуқароларнинг муаммосини пул эвазига ҳал қилиб беришда устаси фаранг эди. Бундай қилмиши учун 2012 йилда жиноят устида ушланиб, суд ҳукми билан жиноий жавобгарликка ҳам тортилганди, деб ёзмоқда «Ҳуқуқ» газетаси.

Баднафс бўлмаса, яна нафсининг нағмасига ўйнармиди?! Афсуски, у жазодан тегишли хулоса чиқармади. Яна бу «охири вой кўча»га кириб чиқаверди. Афтидан, энди «қўлга тушмаслик» чораларини пухталаб қўйгандек эди. Бироқ…

2017 йил 17 апрель куни у ишлайдиган поликлиникага фуқаро Самат Солиев келиб, таниши Шокир Аббосовга тиббий кўрикдан ўтгани ҳақида маълумотнома олишда ёрдам сўрайди. Ҳамшира бу ишни «осонгина» ҳал қилади. 40 минг сўм эвазига тиббий маълумотномани қалбакилаштириб, С.Солиевнинг қўлига тутқазади.

Шу баҳона улар таниш бўлиб қолишди. Шу боис, С.Солиевнинг ишончига кирган ҳамшира агар танишлари бўлса, тиббиёт муассасаларига ишга жойлаб қўйиши мумкинлигини айтади. Бунинг учун «юқори идоралар»да «таниш-билишлари» етарли эканини ҳам гап орасида «қистириб» ўтади.

Унга ишонган С.Солиев таниши Фарҳод Расуловни бошлаб келиб, қизини Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт бирлашмасига ҳамшира сифатида ишга жойлаштиришда ёрдам сўрайди.

А.Шоматова аввалига «юқори идоралар»да танишлари кўп экани билан мақтанган бўлса-да, бу ишни бир ўзи уддалай олмаслигини жуда яхши биларди. Шу боис, тумандаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида мудира бўлиб ишлаб келаётган таниши Шаҳло Эрматовага учрайди. Бу аёл ҳам у каби фириб беришга устаси фаранглардан эди.

Улар С.Солиев ва Ф.Расуловга 400 АҚШ доллари эвазига қизини ишга жойлаб қўйишларини, бу пулни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидаги танишларига беришларини айтишади.

Ҳар икки фириб бандалари бу пулни эҳтиёжлари учун ишлатиш ҳақида ширин хаёллар суриб, поликлиника биносида «мижоз»ларини кутиб ўтиришарди. Бироқ ниятларига ета олишмади. С.Солиевдан 3 млн 100 минг сўм пулни олаётган вақтда қўлга тушишди.

Суд ҳар икки аёлнинг ушбу жиноят ишини ўрганиб чиқиб, уларни жиноий жавобгарликка тортди.

Мавзуга оид