«Трибуна» Англия премьер лигасининг 24-тури учрашувларига тўхталади.

Клопп яна Робин Гуд ролида

Фото: Twitter

Мағлубиятсиз 18 учрашув серияси, охирги турда енгилмас «Манчестер Сити» устидан ғалаба, Фирминьо-Мане-Салоҳ триосининг ажойиб формаси ва ван Дейкнинг клуб сафида премьер-лигадаги дебюти... Турнир жадвалида энг охирги ўринда жойлашган «Суонси»га қарши ўйиндан олдин «Ливерпуль» клуби мухлислари муваффақиятдан шубҳа қилишмаётганди. Аммо «қизиллар» аутсайдерларга мағлуб бўлишнинг «ҳадисини олишган» ва энди яна «МЮ» ва «Челси»дан ортда қола бошлади.

Ўйиндаги ягона гол мерсисайдликлар жамоаси ҳимоячилари бир-бирини тушунмай қолгани оқибатида келиб чиқди. Бурчак зарбаси ижро этилган вақтда ван Дейк тўпни рақиб оёқларига ташлаб берди ва Моусон тўпни дарвозага йўллади. Танаффусдан кейин ўз жарима майдонига қамалиб олган «Суонси» дарвозасига 17 марта зарба йўлланди аммо гол бўлмади. Энди «Ливерпуль» иккинчи ўриндан 6 очко ортда қолмоқда, шунингдек, 10-ўриндаги «Уотфорд» билан 20-ўриндаги «Суонси» орасидаги фарқ ҳам 6 очко.

Энди Клопп аввалги турда «Манчестер Сити»ни доғда қолдирган бўлсада, АПЛда январь ойининг энг яхши мураббийи бўла олмаслиги мумкин. У Англияда учинчи мавсумни ўтказаётган бўлсада, ҳамон бундай совринни қўлга киритгани йўқ.

Венгер Санчессиз қолди

Фото: Премьер Лига

Шанба куни «МЮ» мустаҳкам ҳимояга эга «Бёрнли» устидан қийинчилик билан бўлсада ғалабага эришди (1:0), «Арсенал» «Кристал Пэлас» дарвозасига 22 дақиқда 4та гол урди. Аммо бу ғалабали ўйинда «Арсенал» етакчиси Алексис Санчес қатнашмаганди, у бу вақтда Манчестер томон йўлга тушганди. Ўйиндан кейин Моуриньо ҳам Венгер ҳам бу трансфер тез орада рўй беришини тасдиқлашди.

Душанба куни барчаси ҳал бўлди, Санчес «МЮ»га борди, Мхитарян «Арсенал»га келди. Бу катта сенсацион трансфер бўлди, аммо икки футболчи ҳам ўз жамоасида қола олмаслиги аллақачон маълум бўлиб улгурганди.

Рондон: Айбсиз айбдорнинг кўз ёшлари