Айни кунда Тошкент шаҳрида кўчмас мулк олди-сотдиси доимий пропискасиз амалга оширилмайди
2018 йилги Давлат дастурида Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловлар бекор қилиниши маълум бўлгач, Адлия, хусусан, нотариал идораларга мурожаатлар сони кескин ошди. Мурожаатларнинг аксарида, «Пропискаси бўлмаган одамлар Тошкентдан уй олиши мумкинми?» деб сўралмоқда. Адлия вазирлиги матбуот хизмати бу масалага ойдинлик киритди.
Адлия вазирлигининг телеграмдаги Ҳуқуқий ахборот каналида (@huquqiyaxborot) маълум қилинишича, ҳозирги кунда амалда бўлиб турган Ҳукуматнинг 2012 йил 16 февралдаги 41-сон қарорига асосан Тошкент шаҳрида кўчмас мулкка оид олди-сотди, алмаштириш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилишни нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш сотиб олувчи томон Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлсагина амалга оширилади.
Шу билан биргаликда, Давлат дастурида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартиби соддалаштириш бўйича қуйидаги тадбирлар режалаштирилган.
паспорт олиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ва бошқа ҳуқуқларни амалга оширишда прописка билан боғлиқ чекловларни бартараф қилиш;
вояга етмаган шахснинг белгиланган муддатда паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш;
мавсумий ишларга (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда) жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизимини соддалаштириш, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талабини бекор қилиш;
Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлган фуқаролар учун кўчмас мулк сотиб олиш бўйича амалдаги талабларни соддалаштириш;
Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш;
ички туризмни ривожлантириш мақсадида вақтинча пропискасиз (яшаш жойи бўйича ҳисобга турмасдан) бўлиш муддатини узайтириш.
Лойиҳалар 20 март кунига қадар ишлаб чиқилади.
Мавзуга оид
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
11:23 / 11.03.2024
Фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби ўзгариши мумкин
14:36 / 04.07.2023
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонунни бекор қилиш лойиҳаси парламентга ҳали киритилмаган
19:39 / 08.05.2023