Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистонда ОИВ вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида: 

1. 2018 йилда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш Давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб аталади) иловага мувофиқ тасдиқланди. 

2. Белгилаб қўйилишича, 2018 йил 1 июлдан бошлаб ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш билан шуғулланувчи туманлараро диагностика лабораториялари ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказлари таркибига киритилади ва марказларга ушбу лабораторияларни молиялаштириш, моддий-техник таъминлаш ҳамда фаолиятига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш юкланади. 

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамоат ташкилотлари фаолияти ва ҳамкорлигини мувофиқлаштиради. 

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги: 

Давлат дастурига киритилган тадбирларни амалга ошириш учун зарур маблағларни ажратади; 

келгуси йилларда ретровирусга қарши препаратлар ва ОИВ инфекциясини юқтирган шахсларни даволаш самарадорлиги мониторингини олиб бориш учун зарур бўлган тест-системалар билан таъминлашга Давлат бюджетидан маблағлар ажратиш босқичма-босқич ошириб борилишини назарда тутади. 

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги: 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда ОИВ инфекцияси ва қўшимча касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун зарур бўлган диагностикумлар ва тест-системаларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритади;