Жамият | 17:50 / 25.01.2018
18771
3 дақиқада ўқилади

Қотилга айланган улфат

Фото: KUN.UZ

Даладан топилган эркак кишининг жасади ҳаммани ҳушёр торттирди. Воқеа жойига етиб келган ички ишлар органи ходимлари атрофни синчиклаб ўргана бошлади. Мурда ётган жой яқинидан эркаклар оёқ кийими ва ичида озгина вино бўлган елим идиш топилди. Ходимлар ҳолатни батафсил ўрганаркан, идишдаги вино, қолаверса, жасаднинг баданидаги жароҳатлар қотиллик содир этилганидан дарак беради, деган тўхтамга келишди. Бу ҳақда “Постда” газетаси ёзмоқда.

Қайд этилишича, бу воқеа Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида содир бўлди. Тумандаги фермер хўжаликларидан бирининг даласидан топилган жасаднинг шахсини аниқлаш қийин бўлмаган. У 46 ёшли Нозим (исмлар ўзгартирилди) исмли киши бўлиб, бир кун аввал дўсти билан улфатчилик қилиш баҳонасида уйидан чиқиб кетган эди. Мудҳиш хабар Нозимнинг оила аъзоларини эсанкиратиб қўйди.

Туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган суриштирувда Нозим Карим деган ошнаси билан чиқиб кетгани аниқлангач, калаванинг учи топилгандек бўлди. Карим ходимларни кўрганидаёқ саросимага тушиб, гаплари пойма-пой чиқа бошлади. Жиноят содир қилган одамнинг бундай вазиятда айбини тан олишдан, реал воқеани рўй-рост айтиб беришдан ўзга чораси қолмайди.

- Уни ўлдириш ниятим йўқ эди, - деди Карим афсусланганини билдириб титроқ овозда. – Улфатчилик қилиб ўтиргандик. Ҳаммаси шу “зорманда”ни деб бўлди. Учта идишда вино бор эди. Аввалига ширин суҳбатлашиб, икки идишни бўшатдик. Навбат учинчисига келганда ақлимиз ўзимизда эмасди. Ундаги винони ичарканмиз, охирлаган сари бир-биримиздан қизғана бошладик. Назаримда, ошнам мендан кўп ичиб қўйгандек туюлаверди. Шундан сўнг идиш тагида қолган озгина винони талашиб, муштлашиб кетдик. Мастлик оқибатида дўстимни калтаклаб, тан жароҳати етказдим. У ҳушини йўқотгач, воқеа жойидан қочиб кетдим.

Кўриб турганингиздек, спиртли ичимлик икки дўстнинг орасига тушиб, бирини қотил, бирини мақтул қилди. Ичкиликбозлик том маънода иллат экани яна бир бор ўзининг аччиқ тасдиғини топди.

Мавзуга оид