Ўзбекистон | 13:10 / 29.01.2018
18274
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Қашқадарёнинг салоҳиятидан етарлича фойдалана олмаяпмиз»

Фото: Президент матбуот хизмати

Кеча, 28 январь куни Чироқчи туманида президент раҳбарлигида Қашқадарё вилояти фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати танқидий баҳолар асосида таҳлил этилди. Мавжуд муаммолар очиқ гапирилди, мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди. Президент шу аснода вилоятнинг салоҳиятига тўхталиб ўтар экан, бундан етарлича фойдалана олинмаётгани ҳақида гапириб ўтди.

«Мен бир гапни қайта-қайта гапиришдан чарчамайман. Қашқадарё учун, Ўзбекистон учун четдан келиб ҳеч ким ҳеч нарса қилиб бермайди. Қайтанга устимиздан кулиб ўтиришади. Барчасини ўзимиз қилишимиз керак, одамларни бўлаётган ўзгаришларга ишонтиришимиз лозим. Шунинг учун буёғига кабинет деган нарса йиғиштирилади. Олдин ҳам айтганман, 2018 йил жуда қаттиқ, синовли келади. Мен ҳеч бир раҳбарнинг шунчаки юришига йўл қўймайман, ишидан бўшаб мендан қутулмаса, осонликча қутула олмайди.

Қашқадарё вилоятига тўхталадиган бўлсам, сектор раҳбарлари уйма-уй юриб, тадбиркор шакллантириб, борини кенгайтириб, банкири, прокурори, солиқчиси шу ишлар билан шуғулланади. Бирга юришлар йўқ, алоҳида-алоҳида, секторлар бўйича ишлаш керак. Қашқадарё учун пахта керакдир, аммо вилоят ҳудудлари бўйича саноатни, чорвачиликни, балиқчиликни, ўрмон хўжалигини ва бошқа соҳаларни ривожлантириш керак. Масалан: ўтган йил Ғузор тумани ҳар бир гектардан 17 центнер пахта ҳосили олди. Бу борада ҳатто Қорақалпоғистоннинг натижасини ҳам кўрсата олмади. Бу зарар-ку?! Пулларни ҳавога совуриш-ку?! Гектарига 30-35 центнер ҳосил бўлса, фойда бўлади.

Қашқадарё катта эл. Турли ҳудудлари бор. Вилоятни энг қийнаётган масала сув масаласи. Деҳқонобод тумани 2 фоиз ичимлик суви билан таъминланган. Шу одамларнинг бағрикенглигига, сабрига қойил. Биз бу борада катта ишлар қиламиз. Раматов, Қўчқоров сув омборлари қуриш, тоза ичимлик суви бор вилоятдаги туманларга қувурлар тортиш бўйича бажариладиган ишлар тартиби ва бюджети бўйича шуғулланади. Вилоятдаги иқтисодий оғир туманлар – Деҳқонобод, Миришкор ва Чироқчи туманларида Хонқа усулида ривожлантириш лойиҳаси амалга оширилади. Агар бу ўзини оқласа, вилоятнинг бошқа туманларига ҳам бу лойиҳа босқичма босқич амалга ошириб борилади», дея президент сўзларини келтиради «Kun.uz» мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид