Фан-техника | 16:20 / 01.02.2018
20482
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг қимматбаҳо брендлари рейтингида етакчи ўзгарди

Фото: Finobuzz

Brand Finance компанияси рейтингининг янги версиясида Amazon дунёнинг энг қимматбаҳо бренди номига сазовор бўлди. Экспертлар ҳозирда унинг қийматини 150,8 миллиард долларга баҳолашмоқда, бу дунёнинг энг қимматбаҳо брендлари рейтингидаги 500 бренд умумий қийматининг (5,904 триллион доллар) тахминан 2,5 фоизини ташкил қилади. Ўтган йилги версияларга таққослаганда Amazon брендининг баҳоси 42 фоизга ошган (аввал 106,4 миллиард доллар бўлган), бу Жефф Безоснинг компаниясига учинчи ўриндан биринчи ўринга чиқиш имконини берган.

Ўтган йилги етакчи - Google брендида эса бунинг акси кузатилган: у нафақат Amazon, балки Apple'га ҳам йўл бериб, биринчи ўриндан учинчи ўринга тушиб кетган. Йил давомида Google брендининг нархи тахминан 10 фоизга ошган (109,47 миллиард доллардан 120,91 миллиард долларгача), бироқ рақиблари ундан-да тезроқ ўсишни қайд қилишган (Apple брендининг нархи 37 фоизга ошган - 107,141 миллиард доллардан 146,311 миллиард долларгача).

Дунёнинг энг қимматбаҳо брендлари ўнлигидан шунингдек Samsung (92,289 миллиард доллар), Facebook (89,684 миллиард доллар), AT&T (82,422 миллиард доллар), Microsoft (81,163 миллиард доллар), Verizon (62,826 миллиард доллар), Walmart (61,48 миллиард доллар) ва ICBC (59,189 миллиард доллар) компаниялари ҳам жой олган.

Бу компанияларнинг барчаси ўтган йилги рейтингда ҳам бўлган, бироқ бошқа ўринларда қайд этилган. Facebook бренди ўз позициясини бошқаларга қараганда шиддатлироқ яхшилашга муваффақ бўлган - бренд баҳоси 45 фоизга, 9-ўриндан 5-ўринга кўтарилган. AT&T ва  Microsoft иккитадан позиция йўқотган.

Мавзуга оид