Жаҳон | 08:42 / 01.02.2018
8162
2 дақиқада ўқилади

Инқирозлар давом этаётган давлатлардаги 48 млн болага 3,6 млрд долларлик ёрдам талаб этилмоқда

Фото: LiveJournal

БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ тўқнашувлар ва табиий фожиалар сабабли гуманитар инқирозлар давом этаётган 51 та давлатдаги 48 млн болага 3,6 млрд долларлик ёрдам ажратишга чақирди.

Биринчи навбатда бу ёрдамга Яқин Шарқ давлатлари, асосан Сурия, Яман ва Ироқ болалари эҳтиёж сезмоқда.

Умумий миқдордан 1,3 млрд долларни Суриядаги болалар ва суриялик қочқинларнинг Туркия, Ливан, Иордания ва Ироқдаги фарзандларига ажратиш лозим.

ЮНИСЕФнинг фавқулодда дастурлар директори Мануэль Фонтейн Женевадаги матбуот анжуманда айтганидек, Мьянма, Конго, Ироқ, Нигерия, Жанубий Судан, Сурия ва Яманда давом этаётган қуролли ихтилофлар болалар ҳаётига салбий таъсир кўрсатади.

Унинг айтишича, бу давлатлардаги болалар шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтожлар. “Агар халқаро ҳамжамият бу болаларни ҳимоя қилиш ва уларни ҳаётий муҳим эҳтиёжлар билан таъминлаш учун тезкор чоралар кўрмаса, унда бу болалар келажакка умиддан деярли маҳрум бўладилар”, деб айтган Фонтейн.

ЮНИСЕФ вакилининг айтишича, дунё кун сайин болалар учун хавфли жойга айланмоқда.

Фонтейннинг айтишича, 3,6 млрд доллардан 84 фоизи инқироз шароитида яшовчи болаларга шошилинч гуманитар ёрдам кўрсатишга йўналтирилади. 

Мавзуга оид