Reuters ва AFP агентликлари 11 сентябр куни Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматидаги манбаларга таяниб хабар беришича, ҳукумат қўшинлари Боб ал-Мандаб бўғозидаги Перим (Майюн), Зукар ва Ханиш оролларини тарк этган. Шундан сўнг ороллар ҳусийчилар назоратига ўтган.
Ҳусийчиларнинг ўзи ҳам ушбу ороллар эгалланганини тасдиқлаган.
Мазкур ҳудудлар стратегик жиҳатдан муҳим ҳисобланади. Чунки уларни назорат қилиш Боб ал-Мандаб бўғозидаги кема қатновига таъсир ўтказиш имконини беради.
Боб ал-Мандаб Қизил денгизни Араб денгизи билан боғлайди ва Европа ҳамда Осиё ўртасидаги асосий денгиз савдо йўлларидан бири ҳисобланади. У орқали жаҳон юк ташувларининг тахминан 12 фоизи ўтади. Бу йўналиш нефт ва бошқа энергетика ресурсларини ташиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бўғознинг аҳамияти Ҳўрмуз бўғозидаги вазият туфайли янада ошган. АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши оқибатида Ҳўрмуз бўғози тўсиб қўйилгани сабаб Боб ал-Мандаб йўналиши, айниқса Саудия Арабистони учун муҳим муқобил йўллардан бирига айланган.
Ҳусийлар ҳарбий қанотининг расмий вакили Яҳё Сари Боб ал-Мандаб бўғозида кема қатнови «Саудия кемаларидан ташқари барча тижорат кемалари учун хавфсиз» эканини маълум қилди.
Бироқ ҳусийчиларнинг стратегик оролларни эгаллаши жаҳон бозорларида хавотир уйғотган. Хусусан, вазият нефт нархларининг яна ошишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирлар мавжуд.
Ҳусийчилар Моха портини ҳам эгаллаган
Бундан бир кун аввал ҳусийчилар Яманнинг Боб ал-Мандаб бўғози соҳилида жойлашган Моха порт шаҳри устидан ҳам назорат ўрнатгани маълум бўлган эди.
Шундан сўнг Саудия Арабистони ҳарбий авиацияси шаҳардаги аэродромга ҳаво зарбалари берган. Бу ҳақда ҳусийчилар назоратидаги телеканал хабар берган.
Axios нашри маълумотларига кўра, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон 10 сентябр куни АҚШ президенти Доналд Трампга икки марта қўнғироқ қилиб, ҳусийчиларга зарба беришни сўраган.
Бироқ манбаларга кўра, Трамп бу илтимосни рад этган. АҚШ маъмурияти ҳусийчилар билан можарога бевосита аралашишни истамаётгани бунга сабаб сифатида кўрсатилган.














