KUN.UZ таҳририятига Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида 2013-2015 йилларда барпо этилган намунали уйларда истиқомат қилувчи фуқаролардан шикоятлар келиб тушди. Таҳририят мухбири ҳолатни ўрганиш мақсадида даставвал Ўртачирчиқ тумани “Янги ҳаёт” МФЙ Зиёкор кўчасида қурилган намунали уйлар билан танишди. Хўш, бу ерда истиқомат қилувчи фуқаролар нималардан нолишмоқда?
Уларнинг айтишларича, гарчи лойиҳа бўйича уйларнинг атрофи ободонлаштирилиши, уйларнинг кўчага ёндош ҳудудларида бетон сувоқизгичлар ўрнатилиши, канализация тармоғига уланиши керак бўлса-да, бу ишлар амалга оширилмаган, ўлда-жўлда қолиб кетилган.

Намунали уйлар бир вақтлар пахтани тозалаш заводи ҳудудида барпо этилгани боис, ҳозир ҳам айрим уйларнинг ҳовлисида заводдан қолган “ёдгорликлар” – асфальт қопламалар бор. Аслида, пудратчилар бу қопламаларни олиб ташлаши ҳамда ўрнига тупроқ тўлдириши ҳам лозим эди. Баъзи хонадонлар бу ишларни ўз кучлари амалга оширган. Қурувчилар томонидан ковлаб олинган асфальт қопламаси эса, катта қатнов йўли томонидан кўринмайдиган Зиёкор кўчасининг орқа томонига тўкилган. Ичимлик суви масаласи ҳам ижобий ҳал этилмаган. Яқиндагина фуқароларнинг ўзлари ташаббус кўрсатиб, ичимлик суви қувурини бошқа тармоққа улашган. Уйлар деворларининг ёрилиб кетганини айтмай қўя қолайлик. Шу билан бирга, аксарият уй эгаларида, гарчи улар кредит бўйича тўловларни амалга ошириб келаётганларига қарамай, кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас.

Аҳоли бир неча кўча орқали катта йўлга чиқиш имконияти бўлиши керак эди. Аммо бу ерга кирган инсон маҳаллани бир айланиб яна шу ердан чиқиб кетишга мажбур. Туманнинг собиқ бош архитектори Убайдулла Болтабоевга қарашли экани айтилган бино бошқа бир йўлни тўсиб қўйган. Қурилиш стандартига умуман жавоб бермайдиган (эътибор беринг, йирик газ қувури бино девори орасида қолиб кетган), қолаверса, лойиҳада йўл бўлиши кўзда тутилган жойда бир нечта бино барпо этилгани кишини ажаблантирди. Қолаверса, намунали уйларда истиқомат қилаётган аҳоли кўчага бино қурмасликни сўраб Убайдулла Болтабоевга мурожаат қилишганида, кимга борсанглар, бораверинглар, дея жавоб қилган. Мутахассислиги архитектор бўлган кишининг қонунни менсимаслиги нимадан далолат беради? Ёки Болтабоевга Ўзбекистон қонунлари бир чақами? Албатта, бу масалани керакли идоралар қонуний ўрганиб, чора кўришларига ишонч билдириб қоламиз.

Айни вақтда мазкур бино ташландиқ аҳволда, бир томонида дарвоза ва иккинчи томонида темир эшик ўрнатилгани сабабли иккинчи сменада йўлни қисқа қилмоқчи бўлган мактаб ўқувчиларига ноқулайлик туғдиради. Бундан ташқари, аҳолининг айтишича, бу ер кечқурунлари бебош ва дайди фуқаролар тўпланадиган жойга айланиб бормоқда.

















