Жаҳон | 10:01 / 03.02.2018
6720
1 дақиқада ўқилади

Airbus учувчисиз ҳаво таксисининг илк синовини ўтказди

Фото: Airbus S.A.S.

Airbus авиасозлик концерни Vahana лойиҳаси доирасида учувчисиз ҳаво таксиси Alpha One’нинг илк синовини ўтказди. Компания хабарида айтилишича, қурилманинг синови 31 январда ўтказилган ва муваффақиятли якунланган. 

Синовлар Орегон штатидаги аэродромда ўтказилган. Биринчи парвоз 53 сония давом этган: қурилма 5 метр баландликка кўтарилиб, сўнгра қўнган. Кейинги кун қурилма бу ҳаракатларни яна такрорлаган.

Узунлиги 2,7 метр, эни 6,2 метр ва баландлиги 2,8 метр келадиган аэротакси 745 кггача юк кўтара олади. Vahana’нинг ижрочи директори Зак Ловердинг синовларнинг муваффақиятли ўтганини аэрокоинот соҳаси учун катта ютуқ деб атади. Унинг айтишича, лойиҳани амалга ошириш 2 йил вақт олган.

Учувчисиз ҳаво таксиларини яратиш билан Германиянинг Volocopter ва Хитойнинг Ehang компаниялари ҳам шуғулланади. Бу компаниялар ҳам ўз қурилмаларининг илк синовларини ўтказишга муваффақ бўлишган. 
  

Мавзуга оид