Жамият | 10:12 / 05.02.2018
13403
3 дақиқада ўқилади

“Косонёғ”нинг филиали 

Қўлбола усулда қадоқланиб, савдога чиқарилган ёғ маҳсулотларининг сифатига ҳеч ким кафолат бермаслиги табиий. Қолаверса, бундай маҳсулотлар инсон саломатлиги учун ҳам ўта зарарлидир. Аммо мўмай даромад илинжида санитария талабларига жавоб бермайдиган жойларда тайёрланган маҳсулотларни бозорга чиқариб сотаётган “тадбиркор”ларнинг борлиги ҳам афсусланарли, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Умрини меҳнатда ўтказган одам кексайганида ҳам тиниб-тинчимаслиги бор гап. Қандайдир юмуш билан бўлса-да, вақтини унумли ўтказгиси келади. Михли Қаландаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам нафақага чиққач, бекор турмай, уйидагиларга оз бўлса-да ёрдам бериш мақсадида кичик бир цех ташкил қилмоқчи бўлди. Бироқ отахон бундай цехни ташкил этиш учун амалдаги қонун-қоидаларга риоя қилишни лозим кўрмади. У аввалига уйининг ёрдамчи хонасига қўлбола жувоз ўрнатди. Кейин ишлаб чиқариладиган маҳсулотни қадоқлаш учун керак бўладиган жиҳоз ва идишларни тахт қилди. Асосийси, харидорлар маҳсулот сифатига шубҳага бормаслиги учун “Косонёғ 1-навли пахта ёғи” сўзлари акс этган ёрлиқ (этикетка)ларни топиб келди. Ҳатто ёғ ишлаб чиқарилган йил ва ойни кўрсатувчи тамғани ҳам излаб топди. Дастлаб ҳаммаси рисоладагидек кетаётганди. Жувоз ёғи елим идишларга “Косонёғ 1-навли пахта ёғи” ёрлиғи остида қадоқланиб, гўё заводдан келтирилаётгандек бозорга чиқарила бошланди. Кимдир бу қаллобликдан бехабар ҳолда сифатсиз маҳсулотни харид қилар, яна кимдир “Косонёғ”нинг “филиалини очибсиз-да, отахон”, дея киноя қиларди. Аммо “тадбиркор” отахон гап-сўзларга бепарво қўл силтаб, қонунга хилоф ишини тўхтатай демасди.

Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, яширин цех фаолияти фош бўлди. СВОЖЖДЛҚК департаментининг Чироқчи туман бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда М.Қаландаровнинг уйидан 235 литр истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулоти, елим идишлар, ёрлиқ ва тамға, жами 3 млн 445 минг сўмлик маҳсулот ва воситалар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

Михли Қаландаровга қилмиши учун қонун олдида жавоб беришига тўғри келди. Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди томонидан унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид