ФИФА расмий ҳомийси саналган Coca Cola компанияси ташаббуси билан Жаҳон чемпионати бош соврини жаҳон кубоги 6 февраль куни Тошкентга олиб келинди.
Кубокни ФИФАнинг элчиси, 1998 йилги жаҳон чемпиони бўлган франциялик Кристиан Карамбё бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга олиб келди.

Куннинг биринчи қисмида делегация аъзолари ва Ўзбекистон вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкиллаштирилди. Анжуманда Спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Coca Cola вакили Александра Аккирман, МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов, ФИФА элчиси Кристиан Карамбё, ва Coca Colaнинг Ўрта Осиё ҳудудлари бўйича раҳбари Евгения Стоичкова иштирок этди.
Матбуот анжумани бошида ЎФА 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов сўз олди: «Бугун Ўзбекистонда тарихий воқеа кузатилмоқда. Жаҳон кубоги илк марта Ўзбекистонга олиб келинди. Умид қиламизки Ўзбекистон терма жамоаси 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Қачонлардир терма жамоамиз ушбу кубокни ютиб уни Ўзбекистонда олиб қолади деб умид қиламиз».

Шундан сўнг Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбонов сўзл олди: «Жаҳон кубогини қабул қилиш ва Жаҳон чемпионини кутиб олиш Ўзбекистон учун жуда катта шараф. Бу тадбирга қизиқиш катта эканлигини кўплаб ОАВ вакиллари бу ерда иштирок этаётганидан ҳам билиб олишимиз мумкин. Барчангизни мана шундай байрамда иштирок этаётганингиз билан табриклайман ва меҳмонларимизга Тошкентга хуш келибсиз дейман».

Ўзбекистон вакилларидан сўнг ФИФА элчиси, жаҳон ва Европа чемпиони Кристиан Карамбё сўз олди ва ўз тилакларини ҳам билдирди: «Жаҳон чемпионати кубогини Ўзбекистонга олиб келганимиздан хурсандман. Бу воқеа футбол мухлислари учун ҳақиқий байрам ҳисобланиши аниқ. Бизни бу ерда кутиб олган барчага миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Шу ўринда Ўзбекистон U-23 терма жамоасини Осиё чемпионатида қозонган ғалабаси билан табриклашни истардим. Айнан шу ютуқ Ўзбекистоннинг келажакдаги натижаларига катта умид бағишлаши тайин. Умид қиламанки, Ўзбекистон терма жамоаси кейинги Жаҳон чемпионатларида иштирок этади. Бу йўлда уларга омад тилайман».

Coca-Cola компаниясининг Ўрта Осиё ҳудуди бўйича раҳбари саналган Евгения Стоичкова ўз фикрлари билан ўртоқлашди: «Ушбу кубок дунё бўйлаб сайр қилишда давом этмоқда. У Россияда бошланган ва дунёнинг кўплаб давлатларида бўлади, тур эса айнан Россияда тугайди. Ушбу кубок 6 кг соф олтиндан тайёрланган. Ушбу кубокни фақат давлат раҳбарлари ёки Жаҳон чемпиони бўлган футболчилар ушлай олишади. Coca Cola компанияси эса оддий одамлар ва мухлислар ҳам ушбу кубок билан расмга тушиши учун ёрдам бериш истагида мазкур лойиҳани амалга оширишга қарор қилган. Бугун Тошкентда минглаб мухлислар ушбу кубокни кўриш имкониятига эга бўлишади. Бу йил Coca Cola Ўзбекистонда фаолият бошлаганига 25 йил тўлади. Шу маънода ЖЧ Кубоги ташрифини совға қилиш имконияти ҳам аслида рамзий маънога эга. Ўзбекистон терма жамоасига омад тилайман, бир кун келиб сизнинг ҳам терма жамоангиз Жаҳон чемпионатларида иштирок этишига тилакдошман».



















