Америкалик адабиётшунос олим, шоир ва ёзувчи Денис Дели Алишер Навоийнинг 21 ғазалини инглиз тилига таржима қилиб, китоб ҳолида нашр эттирди. Навоий таваллудининг 577 йиллиги арафасида таржимон билан суҳбат қурилди.

Фото: Small Press Distribution

Алишер Навоий ижодига Ғарб дунёсининг қизиқиши ҳамон давом этиб келмоқда. Навоий ижодининг бир қатрасини кашф этган хорижлик борки, ўз ҳайратларини яшира олмайди. Тезроқ Навоий ҳақида замондошларига хабар бергиси, уни ўз она тилига ўгиргиси келаверади. Навоий ғазалиёти билан юзлашган Ғарб маданияти вакиллари борки, уни - ижоди юксак, такрорланмас шоир эканини эътироф этади. Америкалик исломшунос олим Барри Хоберман  “Saudi Aramco World” журналида чоп этилган  “Chaucer of Turks” номли мақоласида Навоийни Шарқ уйғониш даври асосчиларидан бири сифатида эътироф этади. Германиянинг Фрайе университети симпозиумида ўқилган маърузалар асосида ташкил этилган “Mir Alisir Nawai” номли тўпламга киритилган З.Клайнмиҳелнинг “Навоий-бенаво” номли 300 саҳифали мақоласида Навоий ижодидан олган ҳайратларини бир мақола ичига жойлаш иложсиз иш. Навоийнинг Саббаъи-Сайёр асари асосида италиялик Майкл Трамеззино томонидан 1557 йилда яратилган ва дунёнинг бир неча тилларига қайта-қайта таржима қилинган “Сарандипнинг уч шаҳзодаси” асарини тадқиқ қилган америкалик шарқшунос Ричард Бойл бу асарни Европа Уйғониш даврининг шоҳ асари деб атайди. Ўзбекистонга келиб, Алишер Навоий ижодини ўрганган ва унинг “Лисон-ут-тайр” асарини инглиз тилига таржима қилган канадалик Ҳарри Дик Навоийга “Дунёни маънавий таназзулдан қутқара оладиган кўнгил боғининг боғбони” дея таъриф беради. Сўнгги йилларда хорижликлар томонидан Навоий асарлари бирин-кетин таржима қилиниб чоп этилмоқда. Булар қаторига Навоий ғазалиётининг поляк тилига таржимони Януш Кжижовский, украин тилига таржимони, шоир Николай Бажаннинг “Фарҳод ва Ширин” достонининг  таржималарини киритиш мумкин. Бироқ, бу буюк шоир ижодининг бир дебочаси холос. Навоий ғазалларини инглиз тилига таржима қилаётган журъатли ўзбек таржимонлари сафи кенгаймоқда, хусусан, Аъзам Обидов, Қосимбой Маъмуров, Динара Султонова, Аида Буматова шулар жумласидан. Бироқ, эндиликда қилинган таржималар хорижлик муҳаррир таҳриридан ўтиб, тўплам ҳолида нашр этилиши, энг асосийси, улар хорижий давлатларга тарғиб этилиши керак. Зеро, ўзбек таржимашунослари ғазал аслиятидаги маъно ва бадииятнинг таржимада қайта яратилган ёки йўқлигига баҳо бериши мумкин, аммо, таржима тилининг силлиқ ва хорижлик рецептор учун ўқишлилигига энг одил баҳони хорижий тил эгасигина бера олади. Ўтган йили Американинг Массачусетс штати, Салем шаҳрида истиқомат қилувчи адабиётшунос, ёзувчи ва шоир Денис Дели томонидан таржима қилиниб, 2016 йилнинг декабрь ойида АҚШ Cervena Barva Press нашриётида чоп этилган “Twenty one Ghazals by Alisher Navoiy” деб номланган китоб сотувга чиқарилди. Мазкур мўъжазгина тўплам муаллифнинг бешинчи китоби бўлиб, кўплаб нуфузли рўзнома ва нашриётларда муҳаррирлик қилиб келган Денис Дели эндиликда ижодкор ва таржимон сифатида бадиий асар ва таржималар  ҳам нашр эттирмоқда. Тўплам хорижликлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Китоб бугунги кунда амазон ва бошқа сайтлар орқали хорижликлар ҳукмига ҳавола этилган. Маълумки, Алишер Навоий ғазалларида бадиий тасвир ранго-ранглиги кузатилади. Дели таржималарида тагмаъно ва кўп сонли тасвирнинг айримларини учратсангиз-да, таржималар ниҳоятда ўқишли чиққан, энг муҳими хорижликлар Навоийни кашф этишмоқда, бу таржималар орқали шоир шеърияти уларга маъқул келмоқда.