Ўзбекистон | 12:35 / 09.02.2018
22094
2 дақиқада ўқилади

Президент Юнусободда метро қурилиши жараёни билан танишди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишмоқда.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, президент Юнусобод туманида бўлиб, Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичи қурилишини бориб кўрган.

Метронинг тоннели асосини яратиш мақсадида 305 метрда бетон ишлари бажарилган ва 330 та йиғма темир-бетон конструкциялари ўрнатилган. Қурилишга 200 дан ортиқ ишчи ва муҳандис жалб этилган. Германия ва Хитойдан замонавий техника ва механизмлар келтирилган. Узунлиги 2,9 километрни ташкил этадиган ушбу йўналишни 2019 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Давлат раҳбари қурилиш ишларини кўздан кечирган.

«Барча саъй-ҳаракатлардан мақсад одамларга қулайлик яратиш. Метрополитен ва автобуслар ҳамоҳанглигини таъминлаш, бекатларда йўловчилар тўпланишини ва ҳаракатини мониторинг қилиш, таҳлиллар асосида йўналишларни оптималлаштириш, бу бўйича ҳар куни иш олиб бориш зарур. Йўловчиларни кўпайтириш ҳисобидан йўл кирани арзонлаштириш чораларини кўриш керак», деган Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда пойтахтда қурилаётган ер усти метроси бўйича ахборот берилган. Президент ушбу метро қурилишини такомиллаштириш, илм асосида материаллар вазнини енгиллаштириш, метро йўли остидаги ҳудудни ободонлаштириш, қўшимча хизматларни йўлга қўйиш юзасидан кўрсатмалар берган.

Мавзуга оид